Айни дамда «Ливерпуль» жамоасида тўп сураётган Муҳаммад Салаҳ ва Садио Манени солиштириш урфга кириб бормоқда. Ҳўш улардан қай бири клуб учун фойдалироқ? Биз уларнинг имкониятлари ва кучли томонларини эътиборингизҳа ҳавола этамиз. Бугунги қисмда Сенегаллик футболчининг кучли томонлари эътироф этилса, эртага мисрлик футболчининг кучли жиҳатлари алоҳида ёдга олинади. Хулоса эса, сиз азизлардан
Мане фойдалироқ
Сўнгги йилларда Садио Мане муҳим голларни киритиш борасида Салаҳдан ўзиб кетмоқда. Айнан унинг голлари жамоага ўта муҳим ғалабани тақдим этмоқда. «Челси»га қарши "супер кубог" учрашувидаги ўйин сўзимизга яққол мисол бўла олади. Бундан ташқари, ўтган мавсумдаги ЕЧЛ ўйинларида ҳам Мане жамоага сув ва ҳаводек зарур голларни киритган бўлсада, парда ортида қолиб кетган эди.
Бу мавсумда АПЛ ўйинларининг нақд 2 тасида футболчи жамоаси 3 очко ишлаб олишини таъминлаб берди. Умумий кўз билан қаралганда Маненинг сўнгги йиллардаги голлари Салаҳникидан камроқ бўлсада, ўта фойдалилиги билан ёдда қолмоқда.
Мане Прессингда жуда фаол
Кучли прессингга асосланган футболни тарғиб қилувчи Юрген Клоппнинг жамоасида Садио Маненинг ўрни беқиёс. Сабаби, Мане ҳимояга ёрдам бериш ва жамоавий прессинг бўйича энг фаол фудболчилардан бири. Янги мавсумда футболчи ҳар бир учрашувда ўртача 2, 6 бор тўп учун курашда ғоли чиққан бўлса, Салаҳда ушбу кўрсатгич 0,4 ташкил этмоқда. Мане Салаҳдан фарқли ўлароқ жисмонан баққуват ва исталган ҳажмдаги ҳимоячига қарши елкама-елка кураш олиб бора олади. Бундан ташқари, уни майда қўполликлар билан тўхататиб қолишнинг иложи йўқ.
Аниқлик
Аввалари Мане вазиятларни амалга ошириш борасида бироз оқсар эди, бироқ эндиликда сенегаллик футболчи барчасини ўз жойига қўймоқда. Энг қизиғи шундаки, Салаҳдан фарқли ўлароқ майдонда қора ишни амалга оширувчи Садио Мане ўтган мавсумда Салаҳ билан бир хил кўрсатгич (22 та гол) қайд этгани таҳсинга сазовар. Энг муҳими шундаки, ўтган мавсумда Салаҳ ўртача 3,6 та зарбадан сўнг дарвозани ишғол қилган бўлса, Мане гол киритиши учун ўртача 2,4 та зарба кифоя қилган. Бундан кўриниб турибдики, Манедан гол киритиш учун имконият бирмунча камроқ бўлган ва шунда ҳам киритилган голлар сони тенг! Агар пенальтилардан киритгал голларни инобатга олмасак, Мане очиқчасига олдинга ўтиб олади. У майдонда кам финт ишлатгани боис камроқ кўринсада, Салаҳдан фойдалироқ ҳаракат қилишни уддаламоқда.
Босим ва Ўсиш
Садио сўнгги йилларда ўз ўйинини ҳар жабҳада кучайтириб бормоқда. У аввалгиданда чаққонроқ ва ҳужумкор футболчига айланибгина қолмай, майдон бўйлаб универсал футболчига ўхшаб бормоқда. Бундан ташқари, у майдонда ўзини жуда эркин тутади. Салаҳдан фарқли ўлароқ у ўзига нисбатан ҳеч қандай босимни ҳис этмайди. Мисрлик футболчи эса, ҳар бир учрашувда ўз статусига мос ўйин кўрсатиши ва мухлисларининг меҳрини йўқотмаслик ҳақида ўйлашга мажбур. «Олтин тўп», «Тhe Best», «Олтин бутса» сингари унвонларни қўлга киритиши учун тинимсиз гол киритиши шарт. Афсуски, футболчи қачонки унинг атрофидаги нарсалар ҳақида бош қотирар экан, у доим футболдан четда қолиб кетишга мажбур. Айнан шу омиллар туфайли Салаҳ АПЛдаги илк мавсумида 32 бор гол киритган бўлса, кейинг мавсумда атиги 22 та билан чекланишга мажбур бўлган эди. Бу мавсумда эса, бу кўрсатгич яна пасайиши мумкин. Мане бу борада тамомилан унинг акси. У ўйиндан-ўйинга ўзига бўлган ишончни ҳис этиб бор эътиборини тўлиқ майдонга қаратиши мумкин. Унда ҳеч қандай ортиқча босимнинг ўзи йўқ.