Англия премьер-лигасининг 9-тури доирасида марказий ўйин "Олд Траффорд"да бўлиб ўтди. "Манчестер Юнайтед" ўз уйида "Ливерпуль"ни қабул қилиб, дурангга имзо чекди.
Ўйин хавфли вазиятларга бой бўлмади. Жамоалар асосан ёпиқ ўйин намойиш қилишди. Бугунги учрашувга Салоҳ каби ижодкор футболчи етишмади.
Баҳснинг 36-дақиқасида мезбонлар ҳисобни очишди. Манкунианликлар майдон марказида Оригидан тўпни олиб қўйиб, қарши ҳужумга асос солишди. Жеймс ўнг қанотдан етказган узатмани Рэшфорд яқин масофадан дарвозага буриб қўйди. VAR "МЮ" ҳужум бошлашдан аввал Оригига нисбатан фол ишлатилдими ёки йўқми, вазиятни текшириб, голни инобатга олиш ҳақида қарор чиқарди.
Юрген Клопп иккинчи бўлимда бир нечта ўзгаришларни амалга ошириб, рақиб мудофаасини ёриб ўтишга ҳаракат қилган бўлса, Сульшер асосий эътиборни ҳимояга қаратиб, қарши ҳужумда пайт пойлади. Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида ливерпулликларга омад кулиб боқди. Чап қанотдан етказилган узатма ҳимоячилар орасидан ўтиб кетди ва Лаллана бўш қолган дарвозани ишғол қилди.
Шу тариқа, "Ливерпуль"нинг ғалабали ўйинлар серияси узилиб қолди. Аммо жамоа мағлубиятдан чиқиб кетди. Энди "қизиллар" 2-ўриндаги "Манчестер Сити"дан 6 очко олдинда бормоқда.
Англия премьер-лигаси, 9-тур
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД - ЛИВЕРПУЛЬ - 1:1 (1:0)
Голлар: 1:0 – 36 Рэшфорд, 1:1 – 85 Лаллана.
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Янг, Уан-Биссака, Линделеф, Рохо, Джеймс, Мактомини, Перейра (Уильямс, 90), Фред, Магуайр, Рэшфорд (Марсьяль, 84).
Ливерпуль – Алиссон, Робертсон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Матип, Фабиньо, Вейналдум (Кейта, 82), Хендерсон (Лаллана, 71), Мане, Ориги (Окслейд-Чемберлен, 60), Фирмино.
Огоҳлантириш: Фабиньо (70).