Футболни меҳр билан томоша қила бошлаган пайтимда “миллионлар ўйини” “Ёшлар” телеканали орқали эфирга узатиларди. Ўша пайтларда, асосан, футбол тунги 23:00 атрофида бўларди. Дадам, акам ва мен томоша қилардик.
Футболни энди кўра бошлаган, бу ўйинга қизиқишим пайдо бўлган пайтда дадам акам ва менга жамоа танлаб берарди. Чунки у пайтда қайси жамоага нима учун мухлислик қилишни билмасдик. Балки, ёшлик қилгандирмиз. Аммо футболга оилавий мухлис бўлганимиз учун қизиқиб кўрардим.
Эсимда, дадам акамга оқ либосдаги, менга эса бошқа рангдаги либосдаги жамоани танлаб берарди. Ана шундай танловлардан бирида менинг чекимга “Реал” тўғри келди. Дастлаб “Дадам айтди, шу жамоага мухлислик қилишим керак”, деган фикрда “қироллик клуби”ни олқишлаганман. Кейин эса “Реал”нинг ўйинлари мени ўзига ром эта бошлади.
Ўз даврининг афсоналари йиғилган ўша даврда мен тамомила “қаймоқранглилар”нинг мухлисига айландим. Очиғи, ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам “Реал”га нега мухлислик қилишимни очиқ тушунтириб беролмайман. Чиройли ўйин бошқа жамоаларда ҳам бор, кучли футболчилар бошқа жамоаларда ҳам бор, шонли тарих бошқа жамоаларда ҳам бор... Аммо “Реал”га меҳрим бўлакча. Эҳтимол, “қироллик клуби”ни яхши кўришимнинг аниқ сабаби бўлмагани учун ҳам бу жамоадан воз кечиб кета олмасман.
Мен учун ким “Реал”нинг энг яхши футболчиси: Роналдуми ёки Раул? Мен Раулни танлайман. Тўғри, Роналду “Реал” тарихида рекорд ўрнатди, аммо у Раулдек “Реал” рамзига айлана олгани йўқ, такрор айтаман, Роналду ҳам Реалнинг рамзи, аммо бу борада Раулдан кейинги ўринда туради. Бу ерда натижалар, голлар муҳим эмас. Рауль менга “қироллик клуби”ни танитган, Рауль “Реал”нинг ашаддий мухлисига айланишимга сабабчи бўлган. Роналду эса мен мухлисига айланиб улгурган клубга келиб, 9 йил кўп совринлар ютиб кетган “Реал”нинг энг яхши футболчиларидан бири, холос. Шунинг учун ҳам мен Роналду билан бирга “Ювентус”га ўтиб кетмаган мухлислар сирасига кираман. Агар “Ювентус” “Реал” билан ўйнаса, шак-шубҳасиз “қироллик клуби”га мухлислик қиламан. Ёки бир вақтнинг ўзида А серияда “Ювентус” — “Наполи” ва Ла Лигада “Реал” — “Эйбар” ўйнаётган бўлса, мен “Реал”нинг ўйинини томоша қиламан. Чунки футболчига мухлислик қилишдан кўра клубга ишқибоз бўлиш мен учун муҳимроқ. Ҳеч қачон бир футболчи битта клубдан устун бўлолмайди.
Мен фанатик эмасман. Шу билан бирга, футболни футбол бўлгани учун эмас, севимли жамоаларим учун кўраман. Баъзилар “фалон жамоа кучли экан, шунга мухлислик қиламан энди”, деб қолишади. Мен шуни тушунмайман. Тўғри, агар у инсон футболга энди қизиқа бошлаган бўлса ёки ҳали ўзига жамоа танламаган бўлса, бу бошқа гап. Аммо кучли жамоани кўриб, ўз жамоасини унга алмаштириб олиш менинг наздимда мухлисликка кирмаса керак. Тағин билмадим.
Мен “Реал”га шунақа мухлислик қиламанки, унинг камчилигини ҳам, ютуғини ҳам яширмайман. Айнан “Реал” мухлиси бўлганим учун ҳам “Барселона” ҳақида кўпроқ мақола ёзаман. Чунки севимли жамоамдан кўра рақиб жамоа ҳақида мулоҳаза юритиш мен учун тўғрироқ. Сиз мени “Барселона” мухлиси деб ўйладингизми, демак, мен қайсидир маънода мақсадимга етдим. Қолаверса, холисликка интиламан. “Реал” ҳақида ёзаверсам, бу клубнинг мухлиси эканлигим сезилиб қолмасин, деган андишага ҳам бораман.
“Реал” ёки “Барселона”? Юқорида айтдим, “Реал”га мухлисман, аммо айни дамда “Барселона” кучли эканлигини ҳам биламан. Буни тан оламан ҳам. Каталония клуби таркиб жиҳатдан ҳам, тактика жиҳатдан ҳам “Реал”дан устун. Олайлик, “қироллик клуби”да ҳатто Суаресдек ўйнаётган ҳужумчи йўқ. Мессининг ўзиёқ “Барса” клубининг “қаймоқранглилар”дан устунлигини кўрсатади. Таркибнинг кучли бўлгани эса тактиканинг ҳам яхшироқ тузилишини таъминлайди. Бу — ҳақиқат.
Кези келганда “Реал”нинг энг ашаддий танқидчисига айланаман. Қоралайман. Клуб раҳбарияти, айниқса, Переснинг хатти-ҳаракатлари менга умуман ёқмайди. Клубнинг рамзига айланган, клуб учун борини берган футболчиларга бўлган муносабати, уларни қувиб солгани Пересга нисбатан нафрат уйғотган менда. Айниқса, Рауль ва Касильясга ачинганман. Касильяс Сантьяго Каньесаресдан кейин таркибни эгаллаб, унинг вазифасини ортиғи билан бажара олган посбон эди. Касильясдек дарвозабонни “Реал” энди топа олмайди, бу — факт. Бу иккала етакчи кўзда аччиқ ёш эмас, қувонч ёшлари билан тарк этишга арзирди жамоани. Аммо Моуриньодек худбин мураббийнинг раъйига қараган, бизнесни, фойдани, манфаатни одамийликдан устун қўйган Перес номард одамнинг ишини қилди. Лекин бу “Реал”ни ёмон кўришимга сабаб бўла олмайди. “Реал” раҳбариятини ёмон кўраман, жамоани эмас. Баъзилар юқоридаги ҳолатни кўрсатиб, шундай жамоага мухлислик қиласанми, деб сўрашади. Барака топгур, айб раҳбариятда, жамоада эмас. Перес бу “Реал” дегани эмас, ёки таниш-билишчилик ва ўзини тажрибали ҳисоблай бошлагани учун хурмача қилиқлар чиқара бошлаган Зидан “Реал” дегани эмас. “Реал” бу узоқ йиллик тарих. “Реал” бу футбол тарихида ўз ўрнини қолдирган ва ҳозир ҳам олға бораётган карвон.
Бу фикрларнинг бизга нима қизиғи бор, дерсиз. Ҳақсиз. Шуни таъкидлашни истардимки, бу қандайдир муаммони кўтариш ёки муҳим маълумот бериш учун ёзилган жумлалар эмас, бир мухлиснинг сизга айтмоқчи бўлган кўнгил кечинмалари эди, холос. Айтганча, бундан кейин ҳам "Реал"га мухлис эканлигимни сезмайсиз, деб умид қиламан...
Низомжон ИСЛОМОВ