Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Қаҳрамон Асланов мақоласи: «Шарҳловчи ва холислик»

Баҳо:
+ | -

Футбол шарҳловчиларимизнинг энг кўп танқид қилинадиган жиҳати у ёки бу жамоага ён босишдир. Мен танийдиган шарҳловчиларнинг қисман қайси жамоага мухлис эканларини билсам ҳам, аслида, айбловлар бироз ноўрин, менимча.

Ўтган йили “Қўқон 1912” жамоаси ўз майдонида “Пахтакор”ни қабул қилганди. Ҳисобни меҳмонлар очган, иккинчи тайм охирларида қўқонликлар ҳисобни тенглаштиргандилар. Ўшанда шарҳловчи Хайрулла Ҳамидовдан кўп “пахтакорчи” мухлислар хафа бўлгандилар – Хайрулла ака “Пахтакор”нинг голидан кўра, мезбонларнинг голига эҳтиросликроқ реакция берган, баландроқ овоз билан “гол” деб айтган. Хўш, бу нохолис шарҳми?

Холисликни ҳар ким турлича тушунади. Шарҳловчи учун холислик бу – футболни холис мухлисдек томоша қилиш ва шарҳлаш. Тасаввур қилинг, “Пахтакор”га ҳам, “Қўқон”га ҳам мухлис бўлмаган, холис томошабин телевизорда бу учрашувни кузаятпти. Хўш, унинг қайси жамоа голига реакцияси кучлироқ бўлади? Беихтиёр қайси жамоага мухлислик қилади? Табиий равишда, кучсизроқ жамоага, чунки “Қўқон”нинг голи ўйинни янада қизитиб юбориши мумкин.

Ёки кеча шарҳловчилар “Ливерпуль”нинг учинчи голидан кўра, “Манчестер Сити”нинг голига кўпроқ хурсанд бўлишди. Хўш, гап уларнинг нохолис эканликларидами, яъни улар “Сити” мухлисими? Йўқ, шарҳловчи ўйин сценарийсидан, янада қизиб кетишидан манфаатдор – Маненинг голи ўйинни совутган бўлса, Силванинг голи яна жонлантирди, сўнгги 10 дақиқа янада қизиқроқ ўтишини таъминлади.

Умуман, “Барселона” дарвозасига “Леванте”нинг голини бақириб нишонлаган шарҳловчи бу ишни “Реал” мухлиси экани учун қилмайди. Шунчаки, бу гол ўйиндаги интригага ижобий таъсир қилишини, бу эса, шарҳланаётган ўйиннинг янада қизиқроқ, шиддатлироқ ўтишига замин яратишини билгани учун хурсанд бўлади. Албатта, гап баҳсли вазиятларни, ҳакамнинг қарорларини бир томонлама баҳолаш, бир томонни ортиқча мақтаб ёки ёмонлаб юборишнинг мавзуга алоқаси йўқ.  

Шарҳловчининг шу шаклда ўйин кайфияти билан ҳамоҳанг бўлиши, сценарий билан мос равишда эмоция кўрсатиши мутлақо табиий ва жуда керакли жараён. Холис баҳо бериш илинжида доимий равишда мувозанат ҳақида ўйлаш, ҳар икки тарафнинг тенглиги борасида қайғуриш шарҳни жонсиз, зерикарли қилиб қўяди.

Қаҳрамон Асланов

Манба: https://t.me/asl_futbol
Киритилди: 14:32, 11.11.2019.
Ўқилди: 3570 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.