Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ўзгарибсан-а, Роналду?

Баҳо:
+ | -

Португалия терма жамоаси ва “Ювентус” клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду менда кутилмаган ижобий таассурот қолдирди.

Дастлаб у билан боғлиқ биринчи вазиятга тўхталайлик. “Ювентус” сафида Аарон Рэмзи унинг голини “ўғирлаганди”. Ўшанда кўпчилик Криштианунинг хафа бўлгани ҳақида гапирди, аммо португалиялик футболчи бунга эътибор ҳам бермади. Рэмзини бағрига босди, голни самимий нишонлади. Ўзидан узр сўраган Рэмзининг узрини қабул қилди. ОАВда ҳам бу ҳақда умуман гапирмади. Ўзини хотиржам тутди.

Натижада нима бўлганини биласизми? Люксембург терма жамоасига қарши ўйинда Роналду жамоадошининг голини “ўғирлади”. Деярли бир хил вазият эди. Табиийки, жамоадоши бунинг учун Криштианудан хафа бўлгани йўқ. Роналду эса миннатдорчилик тариқасида гол урганидан кейин шеригига раҳмат айтиб қўйган бўлса ҳам ажаб эмас. Энг муҳими, бу ўша Рэмзи “ўғирлаган” голнинг “ҳисоб”и эди. Бу дунёда ҳамма нарса ҳисобли-да ахир.

Роналду ҳақидаги фикримни ўзгартирган воқеа “Ювентус” билан боғлиқ. Хабарингиз бор, Турин клуби устози Маурисио Сарри икки бор Роналдуни захирага олди ва буни “жароҳати бор” дея изоҳлади. Ваҳоланки, Криштиану терма жамоа сафида майдонга тушиб, голлар киритди. Демакки, унинг жароҳати йўқ ёки бўлса ҳам ўйнашига халал бермайди. Шундан сўнг кўпчилик португалиялик футболчининг тарафини олиб, Саррини ёмонлашга киришди. Бундай вазиятда Роналду ҳам ОАВга мурожаат қилиб, бемалол ўйнай олишини, аммо Сарри бунга имкон бермаётганини айтиб, ўзини оқлаши мумкин эди. Одатда, тажрибали, ўзига ишонган футболчилар шундай қилишади. Сирасини айтганда, вазият Роналду томонга оғиб бораётганди. Бироқ Роналду вазиятдан фойдаланиб қолишни истамади ва оқилона йўл тутди: жароҳати борлигини тан олиб, Саррини оқлаб қўйди, шунингдек, жамоасига ёрдам беришни истаганини ҳам таъкидлаб, ўзини ҳам иҳоталади. Энг муҳими, охирги марта Саррига жаҳл қилиб майдонни тарк этгани ва ўйин тугамасдан олдин стадиондан чиқиб кетганидан пушаймон эканлигини яширмаяпти. Роналду жамоадошларини чақириб, зиёфат уюштирмоқчи ва шу орқали қилиғи учун ҳаммадан узр сўрамоқчи.

Хўш, Роналду тўғри қиляптими? Ҳа. Шак-шубҳасиз, бу хатти-ҳаракатлари унинг мухлислари ва жамоадошлари орасидаги обрўсини, ҳурматини бир қадар оширади. Кўпчилик шу пайтга қадар Криштиануни димоғдор, ўзидан бошқани тан олмайдиган, кеккайган, дея таърифлашга ўрганганди. Аммо айни пайтда сезиляптики, футболчи ўзгаришга интиляпти. Гап фақат Сарри билан боғлиқ вазиятда эмас. Умуман олганда ҳам Роналду ўзгаряпти. 

Бошқа томондан, Криштиану олдинги Криштиану эмас. Ўйини қовушмаётгани, аввалгидек голлар ура олмаётгани (клуб сафида) ҳам рост. Аммо бу унинг айби эмас. Шунчаки вақт ҳукми, ёш ўтиши, жисмоний ҳолатнинг табиий равишда сустлашиши. Тағин ҳам 35 ёшга қараб кетаётган футболчи ҳамон дунёнинг энг яхши уч нафар футболчиси рўйхатида турибди. Шундай бўлса-да, Роналду олдинги даражада ўйнай олмаётганини ўзи ҳам ҳис қилиб, буни тан оляпти ва керакли паллаларда бош эгишни ҳам эплаяпти.

Криштиану айни дамда терма жамоа сафида 99 та гол киритди. Катта эҳтимол билан Али Даининг рекордини янгилайди. Агар бунга эришса, фахрланишга арзийдиган рекорд қайд этади.  

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 07:00, 19.11.2019.
Ўқилди: 15087 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.