Япониянинг Осака шаҳрида дзюдо бўйича катта дубулға таснифига кирувчи мусобақа ўз якунига етди. Токио Олимпиадаси йўлида қимматли рейтинг очколарини тақдим қиладиган мазкур мусобақада вакилларимиз ҳам муносиб иштирок этишди. Жумладан, бугун бўлиб ўтган оғир вазнли полвонлари баҳсида ҳамюртларимиз 1 тадан кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлдилар.
-90 килограмм вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритган Давлат Бобонов Олимпиада рейтинги учун 700 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди. Бобонов финал йўлида 2015 йилги жаҳон чемпиони жанубий кореялик Донгхан Гвак, амалдаги чемпион голландиялик Ноэл Вент Энд каби дзюдочиларни мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Афсуски, вакилимиз олтин медаль учун кечган курашда грузиялик Бека Гвиниашвилига имкониятни бой бериб қўйди.
+100 килограмм вазн тоифасида Алишер Юсупов шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилди. Юсупов бронза медали учун курашда мусобақа мезбонларидан бири Даиго Кагавадан устун келди. Таъкидлаш жоиз, бу Бобонов ва Юсупов учун фаолиятида катта дубулға туркумига кирувчи мусобақалардаги дастлабки медаль бўлди.
Афсуски, бошқа бир вакилимиз Муҳаммадкарим Ҳуррамов (-100 кг) бронза медали учун курашиш босқичида япониялик Кентаро Иидага мағлуб бўлди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мазкур мусобақада 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни қўлга киритди.
Шубҳасиз, 10 та олтин, 8 та кумуш ва 15 та бронза медалларини жамғарган Япония терма жамоаси эса бу борада барча иштирокчиларни катта фарқ билан ортда қолдиришга муваффақ бўлди.