“Металлург” – “Сурхон” (2:0) жамоалари учрашувидан сўнг мезбонлар жамоаси устози Андрей Шипилов ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.
"Олдинги мусоҳабалар давомида ҳам бир неча бор таъкидлаб ўтганман, халқимизда бир нақл бор: "жўжани кузда санайди", деган. Футболга йўналтирсак, очколарни кузда санаймиз. Ажойиб ўйин бўлди. Кеч куз бўлишига қарамасдан майдоннинг ҳолати қониқарли. Кучли шамол ўйин сифатига бироз таъсирини кўрсатди. Биринчи тайм у бизнинг фойдамизга хизмат қилди. Рақиблар дарвозасини икки марта ишғол этдик. Ҳар иккала голни бетакрор бўлди, дейиш мумкин. Бутун тайм давомида рақибга бошни кўтариш имкониятини бермадик. Тўп учун барча яккакурашларда, таъқибда ғолиб чиқдик. Йигитлар руҳан жуда кўтаринки кайфиятда тўп суришди. Барча жабҳалар бўйича рақибдан устунлик қилдик.
Иккинчи таймда эса рационал куч сарфлаб, ҳисобни сақлаб қолишга ўйнадик. Бундан ташқари бу таймда шамолнинг йўналишига қарши тўп суриш осон бўлмади. Энг асосийси йигитлар берилган кўрсатмаларни бекаму кўст адо этишди. Сўнгги учта турда биз ўз дарвозамиз даҳлсизлигини сақлаб қололдик. Рақиб дарвозасига эса еттита тўп киритдик. Ўйлайманки, бу ёмон кўрсаткич эмас. Йигитлардан таътилга кўтаринки кайфиятда чиқиб кетишларини сўрагандим, улар эса кўрсатмаларни аниқ бажаришди, бундан хурсандман.
Кетма-кет икки мавсумдан буён чемпионатни бешинчи ўринда якунлаяпмиз. Бу йил жамоалар сони иккитага ошган бўлса-да, ўтган йилги мавқеимизни сақлаб қолдик. Бу эса бизнинг тўғри йўлдан ҳаракатланаётганлигимизни исботлайди. Ҳамиша ютуқлар бор жойда камчиликлар ҳам бўлади. Биз уларни такрорламай, батараф этиб борамиз. Имкон даражасида ҳар мавсум кўрсаткичларимизни яхшилаб, бир, икки поғона юқорилашда давом этамиз", - деди Андрей Сергеевич.