“COSCOM” МЧЖ (“Ucell” савдо белгиси) ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Мазкур Меморандумнининг имзоланишидан кўзланган асосий мақсад – спортни, хусусан футболни аҳоли ўртасида янада оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришдан иборат.
Ўз ўрнида “Ucell” савдо белгиси юртимизда футболнинг ривожланиши тарафдори саналади. Компания кўплаб ижтимоий лойиҳаларда иштирок этиб, ёшларнинг спорт, айниқса футбол билан кенг шуғулланишини тарғиб этиб келади.
Эндиликда Ўзбекистон футбол ассоциацияси “Ucell” савдо белгиси билан биргаликда яқиндан ҳамкорликни йўлга қўяди. ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов мазкур ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлишини айтиб ўтди:
- Ucell компанияси мен учун бегона эмас, улар билан аввал ҳам самарали ҳамкорлик қилганмиз. Лекин, у шахсий ҳамкорлик эди. Эндигиси эса ўзбек футболи учун манфаатли бўлади, деб ўйлайман. Албатта, бугунги футболга замонавий технологиялар кириб келаётган пайтда ЎФАнинг Ucellдек коммуникациялар оламида катта тажрибага эга компания билан ҳамкорлик қилиши жуда муҳим. Ишонаманки, ҳамкорлик икки томон учун ҳам фойдали бўлади, - дея таъкидлади ЎФА Биринчи вице-президенти.