Кириш Регистрация

«Монтеррей» мураббийи вафот этган ўғлига берган ваъдасини бажариб, йиғлаб юборди

Баҳо:
+1 | -

«Монтеррей» клуби плей-офф босқичи финалида ғалаба қозониб, Мексика чемпионлигини қўлга киритди. «Америка»га қарши иккита ўйин натижасида дуранг (3:3) қайд этилган бўлса, пенальтилар сериясида «Монтеррей» 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа, жамоа 2010 йилдан бери илк марта чемпионликни қўлга киритди.

Пенальтилар сериясида ғалаба тўпи киритилганидан кейин «Монтеррей» футболчилари ғалабани нишонлаш учун майдонга югуриб чиқиб кетишди, аммо клуб бош мураббийи Антонио Муҳаммад захира ўриндиғида қолди ва қўлида тасбеҳни ушлаганча хўнграб йиғлаб юборди. Боиси, у ҳаётидаги энг катта ваъданинг устидан чиққан эди.

Антонио Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида туғилган бўлса-да, унинг келиб чиқиши Ливан ва Сурия мамлакатига бориб тақалади. Унинг футболчилик ва мураббийлик фаолияти асосан Аргентина ва Мексика клублари билан боғлиқ. Муҳаммад 1998-2000 йилларда «Монтеррей»да ҳужумчи сифатида ўйнаган ва унинг ўғли Фарид бу клубни яхши кўриб қолган.

Антонио эса ўз ўғлига вақти келиб «Монтеррей»га қайтишга ва соврин қўлга киритишга ваъда берган эди. Фарид эса 2006 йилда автоҳалокат туфайли ҳаётдан кўз юмган. Ўшанда Муҳаммад ҳам оёғидан ажралишига бир бахя қолган.

Фожиа Германияда рўй берган эди. Фарид Аргентина терма жамоасини ЖЧ-2006да қўллаб-қувватлашни истаган эди. Отаси эса уни Мундиалга олиб келган эди. Дрезден-Франкфурт трассасида машина қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, ота-ўғил ўтирган ўтирган автомобилга келиб урилган эди...

Антонио Муҳаммад мураббийлик фаолияти давомида «Тихуана» ва «Америка» билан икки марта Мексика клаусурасида ғолиб чиққан. 2015 йилда эса «Монтеррей»ни қабул қилиб олди. У дастлабки 3 йилда жамоани икки марта чемпионат финалига олиб чиқиб, ҳар иккаласида имкониятни бой берди. Шундан сўнг у Испаниянинг "Сельта" клубига йўл олди. Муҳаммад 2019 йилда жамоага қайтди ва чемпионликни қўлга киритди.

Бундан 2 ҳафта илгари Антонио «Монтеррей» билан клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди. Жамоа чорак финалда Қатарнинг "Ас-Садд" клубини мағлуб этган бўлса, ярим финалда "Ливерпуль"га имкониятни бой берди. 3-ўрин учун ўйинда Саудиянинг "Ал-Ҳилол" клубини пенальтилар сериясида мағлуб этди.

Манба: sports.ru
Киритилди: 08:18, 31.12.2019.
Ўқилди: 5960 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.