Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: «2010 йилдан 2020 йилгача...»

Баҳо:
+ | -

Иккинчи ўн йиллик тугаб, учинчи декадага ўтдик. Ўтган ўнйиллигимизнинг энг муҳим футбол ҳодисларани эслар эканмиз, асосан ушбу спорт турининг ривожига ҳисса қўшган, баъзи услубларни ўзгартирган воқеаларни ёдга оламиз. Наздимдаги 10 та муҳим футбол воқеаси...
 
10. VAR тизими

Иккинчи ўн йилликнинг охирларида футболга VAR кириб келди. Арбитрларга видеоёрдам системаси деб аталувчи тизим 2018 йили катта турнирларда текшириб олингач, футбол ўйини қоидаларига киритилди ва бугунги кунда жуда кўп мусобақаларда ишлатилмоқда.

Ҳозирча VAR тўртта ҳолатда аралашади: Гол ёки гол бўлмаганини аниқлашда, пенальти бор-йўқлигини аниқлашда, тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатилиши керак-керакмаслигини аниқлашда, идентификация, яъни қоидани бошқа футболчи бузган бўлсаю, ҳакам бошқасига карточка кўрсатиб қўйганида.

Бу тизим ҳали янада мукаммалашишига шубҳамиз йўқ. У футболдаги муаммоларни буткул ечиб улгурмади, аммо олдинги даврдаги шубҳали вазиятлар жуда камайди. VAR аралашиб ҳал этган вазиятлар бундан буён футболнинг бир бўлагига айланиб бормоқда. Шундай экан, у ҳақида гап кетганида, фақат мукаммалашиши ҳақида гап борса тўғри бўларди. Усиз футболни тасаввур қилиш имконсиз энди. Қандайдир икки йилнинг ичида, дўстлар!

VAR ҳақида гап кетганида, энди асримизнинг иккинчи ўн йиллигини эсланади. Кейинги ўн йилликлар учун адолатли тизимга замин яратган система сифатида ёдга олинади. Ҳатто кўрасиз, келажак авлод, усиз футбол олдин қандай бўлганди, деган саволни ҳам беришади. Биз ўтмишдаги хатокор романтик футболимизни тушунтириб бера олмаймиз. Ҳамманинг болалиги – пошшолиги!

Нима бўлган тақдирда ҳам техника аралашиб футбол адолатли спорт турлари сафига кирди, расман!

Яшасин ВАР, йўқолсин шубҳали вазиятлар!
 
9. Португалия – 2016

2016 йилги Европа чемпионати Франция ўтди ва асосий фаворитларнинг ҳаммаси борт ортида қолиб кетди. Германия, Испания, Италия, Англия ва турнир мезбони – Франция бир-бири билан муштлашиб чиқиб, ўша пайти ҳеч ким ғолиблигини кутмаган Португалия термасига илк чемпионлигини тақдим этиб юборишди.

Қизиғи, ушбу турнирда биринчи марта 24та терма иштирок этган, табиийки, тўртта гуруҳдан учинчи ўрин эгалари ҳам плей-оффга чиқишарди. Роналду ватандошлари гуруҳдан зўр-базўр чиқишгани ва охирги ўйинга қадар енгилроқ томондан боришгани ёдимизда.

Янада қизиғи, охирги баҳсда терма жамоа юлдузи, етакчиси Криштиану ўйиннинг бошида жароҳат олиб, майдондан чиқиб кетди ва янада қийинроқ вазиятда қолишига қарамай, жануб йигитлари ғалаба голини ура олишди.

Португалия чиндан ҳам кучли пайтлари, таркибида юлдузлар сероб даврида, ўз уйида 12 йил олдин кутилмаган рақиб – Грецияга ютқазиб, чемпионликни бой берганди. Бу сафар эса, тақдир ушбу юртга қарзини қайтариб берди гўё – Роналду бошчилигидаги терма жамоа ўзидан анча кучли саналган Францияни Парижда доғда қолдирмоқда. Фильмлардаги сценарийларни эслаяпсизми? Қаҳрамон манзил сари борган сари ҳолсиз бўлиб бораверади ва... рақибини бир неча нокаутлардан сўнг ўрнидан бир амаллаб туриб мағлуб этади?!

8. Пеп ва Жозе тўқнашуви

Асримизнинг дастлабки ўн йиллиги Фергюсон ва Венгер тўқнашуви билан ёдда қолган бўлса, бу декадага АПЛда пишган Моуриньо Гвардиолага қарши кураши билан кириб келди. Моур Пеп қувлашмачоғи машҳур Томми-Джерри мультфильмини ёдга солади: ҳеч тугамайди, ҳеч ким енга олмайди, иккисини бир-бирисиз тасаввур қилиш имконсиз.

Англияда ишлаган пайтида ҳам португалиялик мураббий Гвардиолани топиб олаверарди, Италияга келса ҳам, Испанияни-ку гапирмай қўяверай. Ушбу тўқнашувдан сўнг биринчи марта мураббийлар учун мухлис бўлиш бошланди.

Гвардиола Германияга қочиб қутулди гўё. Лекин Маурсиз зерикди. Клопп ўша даврларда зўр кураш таклиф этган бўлса-да, Жозенинг ўйиндан ташқари интригалари, ўзига хос фитналари, рақибларни қайраши Пепни соғинтириб қўйганди. Охири испаниялик мураббийнинг ўзи Жозени кашф этган футбол ватанига келди.

Мамлакат майли, у мураббийлик қилаётган шаҳарга келди. Манчестер дербиси олдинлари клублар номи билан эътироф этиларди, бундан буён Жозе ва Хосеп номини-да қўшиб гапириладиган бўлди.

Иккинчи декада тугаётган ва янгиси бошланган пайтда Моуриньонинг ишлари  у қадар яхшимас. Аммо учинчи ўн йилликда ҳам бу тўқнашув давом этади. Жамоаларнинг фарқи йўқ, муҳими, икки мураббий майдон четида икки жамоа устози бўлиб турсалар кифоя – ортиқча интригага, шиддатга ҳожат йўқ.

Маур ва Пеп футбол тўқнашувларини бир поғона юқори планкага олиб чиқишди, десак, муболаға ишлатмаган бўламиз.

Раҳмат иккисига!

7. АПЛ мураббийлари

Ҳа, икки мутахассис ўртасидаги кураш энди асосан Англияда давом этаверади. Чунки сўнгги йилларга келиб АПЛга энг сара мураббийлар ташриф буюриб бўлишди. Олдинлари футбол ватанидаги чемпионат мураббийлари билан мақтана олмасди. Тўғри, Фергюсон ва Венгер узоқ йиллик фаолият билан жамоаларини чўққига олиб чиқишган. Лекин услублар, тактик қарашлар ва бир-бирига ўхшамаган тўқнашувлар Англияда йўқ эди ҳисоби. “Бей беги футбол”га кўникиб қолганди ҳамма.

Ҳозир Британия футболчилар жангидан кўра мураббийлар жангини эслатади кўпроқ. Олдинги ўн йилликни, балки ундан олдингиларини-да мазмунсиз ўтказиб юборган “Манчестер Сити”, “Тоттенҳэм”, “Ливерпуль” клублари росмана ўз мураббийларини топишди. Почеттино ҳозирда ишсиз юрган эса-да, унинг ўрнига Маурнинг келиши АПЛ даражасини кўрсатади. Энди Тоттенҳэмга Жозе келяпти!

Испания ла-лигаси, Италия А серияси ва Германия бундеслигаси даражаси АПЛга ета олмаётганига бир қатор сабаблардан бири ҳам шу – мураббийлар салоҳияти. Англияга ўша ерлардан пишиб, етилиб келишяпти. Турли хил қарашлар, схемалар инглиз клублари даражасини-да ошириб юбормоқда. Шу боис ҳам ўтган мавсум еврокубокларнинг финалларида фақат АПЛ вакиллари қолишди. Премьерлигадаги кураш жаҳон чемпионати даражасига чиқиб кетди.

Ҳозир АПЛда ҳаммани топасиз: Пепни ҳам, Маурни ҳам, “Эвертон”дек жамоани бошқаришга рози бўлиб қолган Карло отани ҳам, янги асрни бошлаётган Лэмпарду Артетани ҳам. “Вулвз”, “Шеффилд” мураббийларининг услуби ҳам бошқаларда топилмайди.

Табиийки, мана шунинг фонида Англия терма жамоасига етиштириб берилаётган маҳсулот-да кучайиб кетди. Учинчи ўн йилликда футбол ватани терма жамоаси жаҳон ё Европани забт этса, иккинчи ўн йилликка ташаккурнома жўнатиб қўйиши керак. Эсдан чиқмасин!
 
6. Бразилия – Германия – 1:7

Бир учрашувда ҳамма нарса бўлиши мумкинми? Ё қайси юрт енгиши ва ютқазишидан қатъий назар, биргина ўйин ҳодиса бўла оладими, дейишингиз мумкин. Ҳа, агар у Бразилия бўлса, агар у турнир мундиал бўлса ва жаҳон кубоги Бразилияда ўтаётган бўлса.

20-асрнинг мутлақ пешқадамлари, футболнинг ривожига ҳаммадан кўра кўпроқ ҳисса қўшган юрт вакиллари, дунё футболига Қиролни туғиб берган мамлакат ўз уйида ўтган жаҳон чемпионатида асрнинг яна бир пешқадамларидан бири – Германия футболидан қақшатқич зарба қабул қилиши замирида кўп нарсалар яширин. Ўша учрашув тугагач, 2002 йилги мундиал тўпурари Роналдо трибунада йиғлаб ўтирган эди. Сиёсатчилар эса: “Мамлакат оч бўлиб турганида, жаҳон чемпионатини ўтказиш аҳмоқлик эди, мана жазоси – бугун футбол расман Бразилия учун жанозасини ўқиди”, дейишди.

Ҳа, табиий йўл билан ривожланиб катта натижаларни қайд этган Бразилия сунъий йўл билан яна кучаймоқ истади. Бўлмади. Кейин эса, ўз услубига ўтиб олди. Кейинги мундиалда ишончли ўйин кўрсатиб, Копа Америкада тенгсиз деб топилди ва Қатарга энг кучли жамоалар сафида йўл олмоқда.

Хуллас, мана шу биргина учрашувда содир бўлган ҳодиса футболдан ташқаридаги барча муаммоларни очиб ташладики, унинг фонида бошқа мамлакатларга ҳам тушунтириш хати жўнатилди гўё: футболга нисбатан қандай мақомда туришни билдингиз, а?! Табиий йўлдан бошқаси бекор. Ҳатто Бразилияда ҳам.

“Мамлакат оналари туғиб бераверишади Роналдиньою Неймарга ўхшаганларни. Фақат футболни ўз ҳолига қўйсангизлар бўлди!”

Бу хитоб ўша кунги баҳсдан кейин мамлакатнинг энг яхши сиёсатшунослари томонидан янграган эди. Мағлубиятдан тўғри хулоса чиқараётган юрт яна шоҳсупаларга чиқишга ҳақли. Кўп куттирмаса ҳам керак энди...

Дарвоқе, бизга ҳам қайсидир жойлари тегишли экан, а?!

5. “Барселона” – 2011

Ҳа, экваторда Каталония суперклубининг бир йиллик мавсуми. Мен ҳаётимда кўп Барселонани кўрганман: Стоичковнинг Барсаси ўзига яраша дидли эди, ван Гаалу Клюйвертнинг Барсаси ўзига хослиги билан эътиборимизни тортган. Кейин Роналдиньонинг элегант Барсаси пайдо бўлди. Натижа келтиришни ҳам бошлади у. Сўнг Неймар-Суарес-Месси учлиги билан ўйновчи 2015 йилги супертезликдаги Барсани ҳам кўрдим. Мессининг ўзига суяниб қолган ҳозирги Барсани ҳам кўряпмиз.

Лекин ишонинг, 2011 йилги “Барселона” жамоа тарихининг чўққиси эди. Инсон қирқ ёшда етилади дейишадию, ана шу қирчиллама ёшга кирган “Барселона”ни фақат бир мавсум кўрганман мен.

Месси бир мавсумнинг ўзида бошқа бунақа кўп гол урмади. Унинг-да етишган даври эди. Ёнидаги Хави ва Иньеста фантастик формада... Гвардиола бой берилган 2010-йилнинг аламини олиш учун энг яхши тактик қарашларини жо эта олган мавсуми шу эди. Ер юзида неки кубок бўлса, барисини олгани етмаганидек, ўйинда ҳам мукаммал эди.

ЕЧЛдаги ярим финалда эль класико – зафарли хотима ва финалда яна МЮ билан баҳс! Фергюсон ўша ўйиндан кейин унинг қуёши ботиб, Каталония томонлардан чиқиб бошлаганига ҳар томонлама иқрор бўлди. “Футбол тарихидаги энг кучли жамоага енгилдик!” деган эди Сэр. Фаолиятини тезроқ якунлашига ҳам шу ўйин сабаб бўлган, дейишади.

Ҳозирда Барса мухлисларини ҳам тўғри тушунишимиз керак. Улар ўз суюклиларидан ўша йилги ўйинни кутишади. Ҳа, бир марта намойиш этилган шедевр нега такрорланмаслиги керак, дейишади.

Йўқ, азизлар, бунақа ишлар бир марта бўлади. Бир марта яшалади бунақа тарих. Гвардиола Каталонияга қайтиб келса ҳам, энди бу иш содир бўлмайди. Содир бўлмаслиги ҳам керак. Дурдона асарлар такрорсиз бўлмоғи керак. Ҳатто муаллифи томонидан ҳам.

Мен 2011 йилги “Барселона”ни Титаникка ўхшатаман. У ўз даврида замонасининг энг етукларини бир кемага жойлаб йўлга чиққану, ҳаммани ҳайрат кўчасига таклиф этган. Уни тарихда эслаб қолишимиз учун ҳам ҳалокат зарур эди. Бунақа салобат билан манзилга бориш мантиқан тўғри эмас. Инсониятнинг буюк кашфиётлари шундай интиҳо топсагина, ана шу асарда қаҳрамонлар яшаганини кейинги авлод билиб олади. Ҳозирги кунда чайқалаётган ва айсбергга урилиш арафасидаги “Барселона”ни кўриб турибмизми, демак, бу кема ўз замони даражасидан анча юқори кема бўлганига ҳам ишонишимиз керак.

4. “Реал” қаторасига 3 карра ЕЧЛ чемпиони

Ўтиб бўлган ўн йиллигимиз шубҳасиз Мадрид суперклубининг Европа миқёсидаги оламшумул натижаси билан ҳам эсда қолади. 2014 йилга қадар “Реал” ўн икки йилдан бери ЕЧЛ ғолиби бўла олмаётганди. Анчелоттининг зафарли юриши шундоғам мадридликларга юпанч вазифасини ўташи мумкин эди: чунки умумчемпионликда “Реал” ўз рекордини такрорлаётган, бошқа таъқибчиларидан яна биттага ўзиб кетган эди.

Йўқ, икки йил ўтиб бу клубга ЕЧЛда ғолиб бўлиш ёқиб қолди. Зидан бошчилигидаги клуб навбатдаги кубогини кўтарди. Аммо кейин... ҳаммаси бошланиб кетди. Мадрид қаторасига учинчи марта кубокни забт этганида, очиғи, бу имконсиз юмуш ошиғи билан бажарилганини кўриб, унинг жами душманлари ер тишлаб қолишди.

Қизиқ томони, учта кубокни қироллик кубоги бир мураббий билан қўлга киритди. Плей-оффда мағлубият нималигини билмаган Зайниддин Зидан жамоадан кетиши биланоқ қирол тахтдан туширилди. Аммо у яна қайтди, худди юқоридаги Барса сингари бир марта яшалган тарихни қайтадан ёзиш имконсиз бўлганидек, ҳозирда “Реал” мухлислари ҳам бу натижа такрорланиши мушкуллигини билиб туришибди.

“Реал” айни пайтда Европанинг 13-карра чемпиони. Энг яқин таъқибчиси бўлмиш “Милан” ҳисобида еттита кубок бор. Жамоа яна бир ўн йилликни кубоксиз ўтказиб юборса ҳам унга етиб олиш маҳол бўлса керак. Тағин ким билади, дейсиз, янги декаданинг янги қаҳрамонлари чиқиб қолар. Ҳозирча эса, клублар ўртасидаги қирол аниқ. Уни бежиз қироллик клуби деб аташмаслигини кўпчилик шу ўн йилликда тушуниб етди.

3. Европа ва жаҳон чемпиони – Испания терма жамоаси

Испания осмонида футбол қуёши аслида биринчи ўн йилликда чиқди. Лекин 2008 йилги қитъа ғолиблиги кўпчилик томонидан оний ва тасодифий деб баҳоланди. Чунки тўрт йил олдинги чемпион Грецияни кейинги турнирларда йўқотиб қўйгандик.

Қизил фуриянинг юриши жиддий бўлиб чиқди лекин. Терма жамоа Европа чемпиони бўлгач, икки йил ўтиб жаҳонда ҳам тенгсизликни қўлга киритди. Шу билан кифояланмай, 2012 йилги Еврони ҳам хотиржам енгиб олди. Финал оқшомида Скуадро Адзурра дарвозасига тўртта гол урилганидан ҳам хулоса қилишимиз мумкинки, бу терма жамоа энди чиндан ҳам грантга айланиб бўлганди.

Испания футболининг ўсишида клубларнинг ҳам ҳиссаси борлигини инкор этмаймиз. Бу терма жамоа деярли Мессисиз Барса ҳужуми, “Реал”нинг ҳимоясидан ташкил топиб, икки суперклубнинг кейинги фаолиятига ҳам кўмак бериб юборди.

Муҳими, испан футболи дунёга мода улашишни бошлади шундан сўнг. Ҳозиргача испаниялик мутахассисларнинг услуби ҳукмронлик қилмоқда. Испания аллақачон Европада бошқалардан ўзиб кетишга улгурди. Италия А сериясидаги етакчи клублар ўзига испан футболини тарғиб қиладиган мураббийларни чақираётгани бир ён бўлса, консерватив итальянларнинг ўзлари-да шу футболга рўйхўшлик билдиришаётгани бир ён.

Испания ўн йилликнинг аввалида қўлга киритган натижалари ушбу декаданинг охиригача таъсирда турди. На кейинги чемпион бўлган немис футболи, на Евро ғолиби бўлган португалча футбол бу услубни парчалай олди.

Ҳатто инглизлар ҳам шу услубга ўтиб боришмоқдами, демак, бу таслимиятнинг охирги натижаси. Декада Испан футболига бағишланди, табиийки бунда терма жамоанинг 10- ва 12-йилги ғолиблиги муҳим пойдевор вазифасини ўтаб беради.

2. “Лестер” – 2016

Юқоридаги футбол воқеаларининг барчасида тизим, жиддий курашлар ва дунё футболига мода улашиш оқибати ётган бўлса, Лестернинг 2015/16 йилги чемпионлиги фақатгина мўжизавий эртак сифатида ёдга олинади.

Бу футбол эмасди, қандайдир ундан юқори ҳиссиётлар, туйғулар қоришмаси эди.
2016 йилнинг май оқшомида дунёнинг нигоҳи Европа чемпионатидан олдиноқ, бошқа миллий чемпионатлардан кўра кўпроқ туманли Альбионга қаратилгани эсингиздами? Ўнта сабабни топгандек бўлдик бунга:

1. “Лестер” ҳеч ким эди. Ҳеч ким. Чемпионлик курашида ҳеч қачон курашмайдиган жамоа эди. Шу йилнинг ўзида ҳаммаси содир бўлди. У туғилди гўё.

2. “Лестер”да ҳеч ким йўқ эди. Сиз айтишингиз мумкин, Премьерлигадаги жамоалар бой ва рақобатбардош. Йўқ, йўқ, “Лестер” шаҳрида мавсум аввалида бирор бир кучли клубларга тортадиган ўйинчининг ўзи йўқ эди. Каспер Шмейхелни танишарди. Бўлди.

3. “Лестер” 2014/15 йиллар мавсумида премьерлигада жон сақлаб қолган, зўр-базўр. Жамоани ўша ҳудуднинг вакили сифатида танишарди. Олтин мавсуми аввалида ҳам унга шу эътибор билан қарашган. “АПЛда қолиш вазифамиз” деб бошлаган эдилар мавсумни...

4. Ҳамма, ҳамма фаворитлар муваффақиятсизликка учрашди. “Челси”, МЮ, МС, “Арсенал”. Ҳатто Клоппга роса қўнғироқ қилиб ўзини тиклашни бошлаган “Ливерпуль” ҳам. Бечора “Тоттенҳэм”, 51 йилдан кейинги энг яхши мавсумида “Лестер” эртаги содир бўлмоқда, даҳшат.

5. Энтузиазм. “Лестер”нинг старти зўр чиқди. Ажойиб бошлади. Лекин одатда бунақа клублар иккинчи даврада барибир ўз даражаларини кўрсатиб қўйишади. “Лестер” эса, бу босимдан шу қадар осон чиқиб кетдики, мавсум тугашига уч тур қолганида чемпион бўлди. Тажрибали мутахассис руҳият томонидан яхши бошқара олгани учун тулкилар манзилга бешикаст етиб келишди.

6. Клаудио Раньери. Катта клубларда ишлаган, бироқ орзули натижа қайд эта олмаган италиялик қария ниҳоят фаолияти охирларида ўз жамоасини топди. “Лестер”нинг ютуғида шубҳасиз Раньерининг тажрибаси асқотди. У чемпион бўлишни тушида ҳам орзу қилмаган йигитларга бу ўзи қанақа манзил, тушунтириб бера олди. Йигитлар ишонишди. Қария орзусига етди.

7, 8 ва 9 – Жейми Варди, Риёд Маҳрез и Н'Голо Канте – мавсумнинг росмана энг зўрлари. Уларнинг ҳар бири ўз фаолиятидаги ўз даражаларидан-да юқори мавсумни ўтказа олишди. Улар бир-бирларини тўлдиришди. Бошқа бу қадар кучли учлик ўн йиллик ичида фақат “Барселона”да бўлган, холос.

10. “Бўлиши мумкин эмас!” деган таъриф. Ҳа, курашларнинг ўчоғи бўлмиш АПЛда лигадан чиқиб кетиш ҳудудида жон сақлашга курашиши лозим жамоанинг чемпионликка курашиши ўртасида катта фарқ бор. Тағин, ўша чемпионлик курашида ғолиб бўлиш! Ўн етти ўринлик масофа. Ҳай, 13 ўринлик фарқни йўқотиш мумкиндир, 14, ҳай, 15. Аммо жами турнир жадвалининг пастидан юқорисигача кўтарилиб чиқадиган ўринларини эмас-да! “Лестер” шу ишни уддалади ва бу иш футболда пул кўп нарсани ҳал қилмаган 20-асрда эмас, 21-асрда, тағин иккинчи ўн йиллигида амалга оширилди. “Лестер” футбол тизимлари ичига эртаклар оламидан бир кириб ўтиб, ҳаммани болага айлантириб қўйди: Ишонишга мажбурсизлар!!!

Фантастика! Мўжиза. Яна қанақа эйфорик сўзлар бор, ҳаммасини ишлатишимиз мумкин уларга. Футбол мантиғини парчалаб ташлаган “Лестер”ни нафақат ўн йилликлар тугаганда, балки асрлар алмашганда ҳам эслашса керак.

1.    Роналду – Месси эраси

Тарих китобларини ўқир эканман, нега 10-аср ибн Сино ва Беруний даври деб аталишини, 14-аср Темур даври дейилишини, уйғониш даври Навоийу Да Винчалар асри деб номланишини  кўп ҳам тушуна олмасдим. Роналду ва Месси эраси шу воқеани қисман тушунтирган бўлди.

Худди Испания футболига ўхшаб бу икки йигит ўз юришларини биринчи ўн йилликда бошлашган ва иккинчи декадани бус-буткул ўзлариники қилиб олишган. 2010 йилдан бошлаб бугунги кунимизгача ўнта олтин тўпнинг тўққизтаси шу иккисиники, Олтин бутсаларнинг деярли барчасини бўлишиб олишган, ўн йилликда киритган умумголлари сони “МанЮнайтед” ва “Челси” каби жамоаларнинг ўн йил давомида киритган умумий голларидан кўпроқ.

Месси ва Роналду даврига келибгина, дунё футбол учун ўртадан иккига бўлинишига гувоҳ бўлдик. Маур ва Пеп мураббийлиги тўқнашуви ҳам аслида шу икки йигитнинг фонида гўзаллашиб кетди. Кўряпмизки, икки мутахассис ҳам бошқа клубларда Месси ва Роналдусини топа олишмаяпти. Уларсиз недир кемтик бўлиб қоляпти фаолиятларида.

Асримизнинг иккинчи ўн йиллигида энг кўп эсланадиган ва энг кўп тортишиладиган мавзу ҳам Месси-Роналду сиймоси. Аргентина ва Португалия юлдузлари дунё аҳлини иккига бўлиб ташлаш учун-да энг яхши кураш майдонида баҳс олиб боришди – Реал ва Барса. Ҳаммаси ёнма-ён, ҳаммаси адолатли тарзда. Бу кураш кўпайгани сайин одамлар яна, яна, деб кейингисини кутадиган бўлиб қолишди.

Роналду ва Мессининг бу қадар футбол даҳосига айланишларига бир-бирларига мутлақо ўхшамасликлари сабаб, дейишади. Бўй, кўриниш, табиат, ўйин услуби ва ҳатто рақамлари. Дунёнинг энг душман тутинган жамоаларида ўйнашлари. Бири бир жамоага садоқатли бўлса, иккинчиси турли мамлакатларда ўз савиясида қолиш хислатини намоён этади!

Қисматни қарангки, бири ўтиб бўлган ўн йилликда Олтин тўпни биттага кўп олган бўлса, иккинчиси терма жамоаси билан муваффақиятга эришди. Рекордларни уриб ташлашди. Бирисининг рекорди ҳақида гап кетганида, албатта, иккинчисининг рекордини янгилаган бўлади ё ўша рекордни забт этган бўлади. Бошқа курашадиган рақиблари ер юзида қолмади уларнинг.

Хуллас, футбол тарихида бу қадар узун чўзилган кураш сериалини шу пайтга қадар ҳеч ким кўрмаганди. Биз бошини ҳам, охирлаб бораётган қисмларини ҳам кўряпмиз. Ҳозир биз болаларимизга ёшлигимиз футболини гавдалантирган бир қатор даҳоларни қалаштириб ташлаймиз: Марадона, Ромарио, Стоичков, Баджо, Роналдо, Зидан, Шевченко, Рауль, Роналдиньо... Уларни ҳикоя қилаётганимизда алоҳида сифатлари билан айтиб берамиз. Бу юлдузлар ўз дунёларича ҳикоя қилинадилар. Аммо ҳозирги авлод катта бўлади ва болаларига бугунги кунлари ҳақида гапиришганида, фақат икки номда тўхтаб қолишади: Роналду, Месси, Роналду, Месси, Роналду, Месси...

Ҳа, биринчи ўринни бошқаларга топшириш нотўғри бўларди. Ғолиб йигитларни жой-жойига қўймасак рейтингимиз маъноси бузилиб кетарди. Раҳмат, Криш! Раҳмат, Месси! Биз кўрдик ҳаммасини...

Хайрулла ҲАМИДОВ.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 16:46, 06.01.2020.
Ўқилди: 9885 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.