Кубок ўйинлари ҳамиша босқичма-босқич кучайиб бораверади. Гуруҳ баҳсларининг илк ўйинида ютқазиб қўйган терма жамоа кейингиларига яхшилаб тайёрланади ва иккитасини енгса, плей-оффга йўл олади. Чорак финал кўпинча ярим финалдан енгилроқ кечади. Ярим финал охирги ўйиндан...
Друлович бошчилигидаги йигитларимизга шундай тақвим улашилдики, ҳаммаси тескари кетади. Биринчи ўйинимиз – финал! Халқига спорт орқали умид уйғотишни истаётган Эрон икки карра кучли бўлиб ўйнаши турган гап.
Кейин бизни ярим финал даражасидаги ўйин кутиб турибди – биринчи турда Жанубий Корея билан қирпичоқ бўлган Хитой.
Учинчи туримиз чорак финал мақомида – Жанубий Корея терма жамоаси билан одатда шунақа босқичларда ўйнашга одатланганмизку...
Плей-оффга шу гуруҳдан чиқа олсак, плей-оффнинг учта ўйини гуруҳ ўйинлари каби осон кечади. Чунки аниқки, чорак финалда Кореядан кучли жамоага йўлиқмаймиз, ярим финалда Хитой даражасидаги жамоага тўқнаш келамиз. Худо хоҳлаб финалга чиқсак, у ерда ким бўлишидан қатъи назар гуруҳнинг илк ўйини каби оғриқсиз ўтади. Чунки ютқазиб қўйиш ҳам фожеа эмас – Олимпиада йўлланмаси қўлда нақд бўлади!
Хуллас, шунақа тескари тақвим билан бошланадиган Осиё чемпионатига хуш келдик. Йигитлар, бугунги финалда омад! Ярим финал ва чорак финални ҳам хотиржам ўтказиб олсангиз, қараб турибсизки, учта ўйиндан иборат гуруҳ ўйинларида бемалол ҳаракат қиласиз. Биз ишонамиз сизга, олтита ўйин кўриб қайтамиз. Учинчи ўрин учун кечадиган учрашувни гапирмаяпмиз, юрак кўтармайди.
Қорли кечани эсланг, азизларим!!!
Хайрулла Ҳамидов.