Наманганнинг “Навбаҳор” клуби жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадларни қўймоқда, яъни, Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш ниятида. Буни амалга ошириш мақсадида наманганликлар таркибни кучайтиришга ҳаракат қилишмоқда. “Лочинлар”нинг 10 январдан бошланган ўқув-машғулот йиғинига маҳаллий футболчилар билан бирга бир қатор маҳоратли ва тажрибали легионерлар ҳам жалб этилишган. “Навбаҳор” кўригида қатнашаётган шундай хорижлик ўйинчилардан бири хорватиялик ҳужумчи Вилим Посинкович. Ушбу футболчини мухлисларга яқинроқ таништириш мақсадида ундан интервью олдик.
— Вилим, аввало Наманганга хуш келибсиз. Айтингчи, юртимизга келгунингизга қадар ўзбек футболи ҳақида маълумотга эгамидингиз?
— Албатта, Ўзбекистон футболи тўғрисида, айниқса, ўзбек мухлислари борасида эшитганман. Мамлакатингизда кўплаб болқонлик футболчилар ўйнашган ҳамда улардан юртингиз футболи борасида маълумот олганман.
Ўзбекистон клубларидан айни пайтда кўрикдан ўтаётган жамоам — “Навбаҳор”, шунингдек, “Пахтакор”, “Бунёдкор” ва “Локомотив” клубларини яхши биламан. Бундан ташқари, бир пайтлари мамлакатингизда Ривалдонинг тўп сурганлигидан ҳам хабарим бор.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, ўтган мавсумда чемпионлик унвонини қўлга киритган “Пахтакор” устози Шота Арвеладзени жуда яхши танийман. У футболчилик фаолияти давомида Туркиянинг “Трабзонспор” клубида ўйнаб, ушбу мамлакатнинг “Қайсериспор”, ”Қосимпошо” ҳамда “Трабзонспор” жамоаларини бошқарган. 2011 – 2012 йилларда мен ҳам Туркиянинг “Қайсери Эржиесспор” клубида ўйнаганман. Ўшанда у ҳақда маълумотга эга бўлганман.
— "Навбаҳор”га келишингиз қандай юз берди?
— Бунда агентимнинг муносиб ҳиссаси бор. У жамоадан бўлган таклифни кўриб чиқди. “Навбаҳор” мураббийларига ўйинларим ролиги ёзилган дискни жўнатдик. Шундан сўнг, улар мени Наманганга таклиф этишди. Шу тариқа, “Навбаҳор” ихтиёрига келдим.
— Жамоа мураббийи Андрей Канчельскисни ҳам яхши танисангиз керак?
— “Навбаҳор” устозининг собиқ иттифоқнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлганлиги, бир пайтлари Англиянинг машҳур “Манчестер Юнайтед” клубида тўп сурганлиги, мазкур жамоанинг етакчиларидан бири бўлганлигидан хабарим бор.
— Футболчи бўлишингизга ким сабабчи бўлган?
— Онам сабабчи бўлганлар. Тўғрисини айтсам, мен спортчилар оиласида туғилганман. Онам баскетболчи бўлганлар ва менинг ҳам спортчи бўлишимни хоҳлаганлар ҳамда қўлимдан етаклаб, футбол мактабига олиб борганлар. Шу тариқа 6 ёшимдан бошлаб, футбол билан шуғулланишни бошлаганман. Олдин бўйим пастлиги боис, мураббийлар ҳимоя чизиғига қўйишган. Кейинчалик ярим ҳимоя ва ҳужумда тўп сурдим.
— Хорватия терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритди ҳамда ўша йили хорватлар етакчиси ва сардори Лука Модрич “Олтин тўп”ни қўлга киритди. “Реал” ярим ҳимоячиси Модрич ўз юртида қанчалик машҳур?
— Лука Модрич Хорватиянинг буюк футболчиси. Тўғри, Модричгача ҳам Хорватиядан машҳур ўйинчилар етишиб чиқишган. Аммо миллий терма жамоа билан ҳозиргидек улкан ютуқларни қўлга кирита олишмаган. Айни пайтдаги Хорватия терма жамоаси эса таъкидлаганингиздек, вице-чемпион ҳисобланади. Шу боис, Лука Модрич хозирги пайтда кўплаб хорватиялик болаларнинг кумири саналади.
Аммо гарчи Модрич буюк футболчи бўлса-да, менинг болаликдаги кумирим ҳамда ўйинларига ҳавас қиладиган футболчи бу Роберт Просинечки саналади. Айни пайтда Просинечки мураббийлик соҳасида фаолият юритмоқда.
— Янги мавсумда “Навбаҳор”нинг олдига юксак мақсад, яъни ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилмоқда. Сизнингча, бу ниятни амалга ошириш учун нималарга эътибор бериш лозим?
— Албатта, “Навбаҳор” кучли жамоа. Аммо мен ҳали Ўзбекистон чемпионатининг савияси, бу ердаги клубларнинг даражасини унчалик яхши билмайман. Юксак мақсадни амалга оширишда футболчилардан пухта жисмоний тайёргарлик талаб этилади. Шунингдек, футболда омад ҳам муҳим роль ўйнайди. Мабодо кўрикдан муваффақиятли ўтиб, “Навбаҳор” билан шартнома имзолайдиган бўлсам, жамоанинг чемпионлик унвонини қўлга киритиши ҳамда ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиши учун қўлимдан келганича ҳаракат қиламан.
Бизнинг маълумот
Вилим Посинкович – 1991 йил, 10 январда собиқ Югославиянинг Сараево шаҳрида туғилган. Айни пайтда Хорватияда истиқомат қилади. Бўйи – 184 см., оғирлиги – 79 кг.
Амплуаси — ҳужумчи.
Футболчилик фаолияти давоми Хорватиянинг “ХАШК”, “Лучко”, “Славен Белупо”, Туркиянинг “Қайсери Эржиесспор”, “Гиресунспор”, Грециянинг “Кавала”, “Ираклис”, “Киссамикос”, “Эгианоакос”, Босния ва Герцеговинанинг “Олимпик”, Финляндиянинг “Ропс”, “Санта-Клаус”, Кипрнинг “АЕЗ”, Польшанинг “Рух”, Болгариянинг “Локомотив” (Пловдив) жамоаларида тўп сурган.
Ўтган мавсумда Босния ва Герцеговинанинг “Радник” клубида ўйнаган.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.