АПЛда чемпионлик кураши тугади ҳисоби. Барча эътибор тўртинчи ўрин учун кечадиган жангларга ва лиганинг жон сақлаш ҳудудига қаратилади энди.
“Челси” ва “Бернли” айнан шу икки қутбда. Лондонликлар ҳам, Шон Дайч шогирдлари ҳам охирги ўйинларда мухлисларини хурсанд қилишмаяпти. Айниқса, “Бернли”нинг ишлари оғир. Тақвимини кўриб одам чўчиб кетади:
“Стэмфорд Бриж”дан сўнг “қизиллар” “Лестер”ни қабул қилишади, “Олд Траффорд”га боришади ва уйда “Арсенал”ни кутиб олишади.
Шон Дайчни тақвимдан кўра кўпроқ ўйлантираётган муаммо бор – сифатли футболчиларнинг тақчиллиги. Ҳалиям Эшли Барнс лазаретда, Жей Родригес ва Фил Бардсли ўйнаши сўроқ остида, яқингинада Лондонга Крис Вуд ҳам бормайди, деган хабар тарқалганди. Тасаввур қиляпсизми, “Челси” билан ўйинда АПЛда жамоанинг 74та голига муаллифлик қилган трио майдонда бўлмаса?! Дойч мухлисларни тинчлантирди: Вуд сафга қайтди! Ҳарна-да...
“Челси” ҳам беқарор натижаларга ўралашиб қолган. Бироқ, аристократлар бахтига таъқибчилари ҳам шунақа нотекис йўлдан кетишяпти. Шу боис, Лондон клуби ҳамон тўртинчи ўринда бормоқда.
Лекин Лэмпард уйдаги ўйинлар муаммосини ечиб олиши керак: “Челси” Лондондаги 10та учрашувда 14 очко жамғарган. Бу “Уотфорд” ё “Астон Вилла”га мос келар балки, аммо ЕЧЛ ўринлари учун курашаётган клуб даражасига тушмайди.
Кадрлар масаласида албатта пойтахтликларнинг ишлари яхшироқ. Кубок ўйинида лидерларга дам берилган. Аспиликуэта, Рюдигер, Виллиан, Канте ва Абрахам ҳордиқ чиқариб ўйинга чиқишади. Фақатгина Кристиан Пулишич баҳсни ўтказиб юборади. Унинг ўрни шунчалик каттами, деманг, ўтган даврада Бернли дарвозасига хет-трик йўллаган айнан шу америкалик йигит бўлади.
“Бернли” шунча муаммо қаршисида қолганига қарамай, Лондонда қаҳрамонлик кўрсатиши керак. Чунки кейинги ўйинлар бундан-да оғир бўлишини Дойч йигитлари биздан ҳам яхши англаб туришибди.
20:00да бирга кузатамиз ўйинни. Зерикмаймиз насиб қилса...
Хайрулла ҲАМИДОВ.