"Тоттенхэм" – "Манчестер Сити". Марказий ўйин. Бу афиша ортида икки фамилия турганини ҳамма тушуниб турибди. Айнан шу фамилиялар топ-олтиликдаги икки жамоа ўртасидаги эътиборли баҳсни принципиал супер қарама-қаршиликка айлантирмоқда. Моуриньо – Гвардиола.
Уларнинг “муносабатлари” бошланиши 2009 йилга тақалади. Ўшанда Чемпионлар лигаси гуруҳида Пепнинг ғалабалар машинасига айланган "Барселона"си биринчи бор Жозенинг йўлтўсарлари армиясига дуч келган ва ютолмаган, "Интер" – "Барселона" - 0:0. Уёғи шоуга айланиб кетган. Жаҳон футболида гегемонлик ўрнатиб бўлган Пеп учун Моур туфлисига кириб қолган тошдек эркин юриш имконини бермасди.
"Интер" ўша йили сенсацион равишда "Барса"ни мағлуб этиб Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан. "Порту"да бу ишини қилганда кўпчилик тасодиф деб билган бўлса, "Интернационале" воқеасидан сўнг Моуриньо ўша пайтнинг энг зўр 3 мураббийидан бири даражасига етди. Яна бири Гвардиола эди.
Уёғига "Реал Мадрид" ва "Барселона"даги дуэллар, жанжаллар, ишкаллар. Тахта бозордаги карнай-сурнайлар сабабчилари ҳам аслида шу мураббийлар бўлади. Қайсидир маънода айнан мана шу жуфтлик ўртасидаги кескинлик сабаб Манчестер шаҳрининг икки жамоаси уларни бир вақтда ишлатиб кўрган бўлиши ҳам мумкин. АПЛ пиар машинасининг катта ютуғи эди бу ҳам. Бироқ Моурнинг ўзи учун ҳам, "МЮ" учун ҳам бу пасайишга даврига тўғри келгани учун биринчи уринишда ўхшамади.
Бугун иккинчи уриниш бўлади. Англияда. Моуриньо – Гвардиола тўқнашуви. Биргаликда шу баҳсни томоша қилишга таклиф этаман!
Даврон Файзиев.