Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Бобур Акмаловдан анонс: Тўфонларга нима учун аёллар исми берилади?

Баҳо:
+ | -

Бу анъана одатда АҚШ ва Европада мавжуд. Ким билсин, Ғарбда аёллар вайронкорлик билан синонимдир балки. Бу номланиш аниқ эркакларнинг иши. Ҳаётида аёллар бобида омади чопмаган ва кўп куйган бирор ақлли шу амалиётни киритган бўлса керак. Катрина, Санта-Анна, Сабина...

Японияда ундай эмас, масалан. Улар тўфону бўронларга дарахтлар ва гуллар номини беришади. Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам бундай амалиётни деярли учратмайсиз.

Хуллас, Оврўпо томонларда бугун ва эртага тўфон. Шамолнинг тезлиги соатига 150км.гача етиши мумкин экан. Германия шарқида бошланиб бўлди бу табиат ҳодисаси. Унга қандай ном беришди, биласизми? Яшанг, топдингиз - аёл исми. Инглиззабон мамлакатлар Сабина, деб атаётган шамол Олмонияда Зебина, деб номланди ва айни дақиқаларда у мамлакатнинг шимоли-ғарбида забтига олмоқда. Айфель, Қуйи Рейн, Саар ҳудудларида айни пайтда фавқулодда ҳолат. Кечроқ тўфон Бавария ўлкасига етиб бориши метеорологлар томонидан тахмин қилинган. Шимолий Рейн-Вестфалияда мактаблар ва бошқа даргоҳларда дарслар бекор қилинди. Германия бўйлаб транспортлар ҳаракати чекланиши мумкин. Тўфонлар одатда қандай талафотли бўлса, Олмония шундай талафотни кутяпти.

Бугун Бундеслига 21-тури доирасида "Кёльн" - "Боруссия Мёнҳенгладбах" ўйини қолдирилишига ҳам Зебинехон айбдор. Ҳамкасбларимиз ўйинни шарҳлашга, футбол мухлислари эса уик-энд оқшомида чиройли ўйин кўришга ҳозирланаётгандилар. Начора, Худо хоҳлагани бўлади.

Соат 22:00 да эса нафақат 21-тур, нафақат 2-давра, эҳтимол, бутун чемпионатнинг ҳал қилувчи ўйини бўлиши белгиланган. Бавария ўз уйида Лейпциг билан ўйнайди. 1 ва 2-ўринлардаги жамоалар чемпионлик масаласига ойдинлик киритишар, балки?!

1-даврада "Лейпциг" уйида ўтган ўйин 1:1 ҳисоби билан якунланганди. Лекин у пайтлар ўтди, у сувлар оқиб кетди. 19 тур давомида етакчилар қаторида юрган Лейпциг, Дортмунд, Гладбах деган жамоалар энди яна "Бавария"дан орқада. Ҳар баҳор шу бўлар такрор, агар бугунги суперматчда "Лейпциг" мағлуб бўлса. Юлиан Нагельсман жамоаси учун чемпионлик масаласидаги ҳаёт-мамот жанги. Бироқ жамоа тушкун аҳволда, "Бавария"да эса акси - кўтаринкилик.

Ишқилиб, айтинг-айтинг, соат 22:00-24:00 оралиғида тўфон Мюнхенга етиб бормай турсин. Акс ҳолда 2018 йилги Либертадорес кубоги финалини кутгандек бу ўйинни кутиб яшашга маҳкум бўламан маълум муддат.

Ҳозирча эса 22:00 да учрашамиз, деб қоламан.
Суперматч. "Бавария" - "Лейпциг". 22:00. СпортТВ.
Шарҳида ўзим.

Бобур Акмалов

Киритилди: 17:49, 09.02.2020.
Ўқилди: 4775 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.