Бу ўйин анонсида клубларнинг позициясини ишлатсак бўлди, марказийга айланиб қолармикан?
Мана: Ла Лиганинг 2 ва 3-ўринларни эгаллаб турган жамоалар тўқнашуви. Барибир ваҳимали эшитилмаяпти.
Чунки бу «Хетафе», кичик клуб деган тушунча ўрнашиб қолган. «Леванте»лар, «Хетафе»лар деб қўямиз менсимай. Испания чемпионатига ўз тиш шчёткасидек муносабатда бўладиганлар кўп, яъни мунтазам ишлатади, лекин толачалари қай аҳволда қараб ўтирмайди, бу ҳолатда «Хетафе» анча жиддий кучга айлангани сезилмай ҳам қолиши мумкин. Бироқ, «Атлетико Мадрид», «Валенсия», «Севилья» каби клубларни ортда қолдираётган йигитлар кўпроқ ҳурматга лойиқ.
Аслида бу анонс бир инсон ҳикояси бўлиши ҳам мумкин эди. Хосе Бордалас қуйи дивизиондан кучли учликкача бўлган йўлни жамоа билан бирга босиб ўтди. Ёши 55 га кириб бахти очилди ва танилди.
«Хетафе» бирдан бойиб қолгани ҳам йўқ. Ҳаммасини шу Бордалас бир текисда олиб боряпти. Бу ўша-ўша кичик клуб. Фақат тўғри уйнаяпти. Услуб Кике Сентьен «Барселона»сига тескари. Тўп рақибга берилади, қарши хужумда жазоланади. Шу тариқа «Хетафе» сўнги 4 учрашувда 4 ғалаба қайд этди ва уларда бирорта гол ўтказиб юбормади.
Эндиги манзил "Камп Ноу", «Хетафе» тумани аҳолисининг ярми сиғадиган стадион («Хетафе»да 173.000 аҳоли яшайди).
«Барселона» ички муаммолар гирдобида ҳам бир киришса бундай жамоаларга жойини кўрсатиб қўйиши мумкин, албатта. Бунинг учун куч нуқтаи назаридан ёндошиши керак. Сетьен бунга тайёрми? Ана шуни томоша қилиш қизиқарли.
Қолганини эфир орқали гаплашамиз!
Даврон Файзиев.