«Ростов» ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи "ProSportsManagement" компанияси бошлиғи Герман Ткаченко ўзбекистонлик футболчи ёзда клубни тарк этиши мумкинлигини маълум қилди.
— Шомуродов борасида тахминларингиз қандай?
— Бу тахмин эмас, бу бизнинг режамиз. Якуний қарорни «Ростов» қабул қилади, биз эса бунга ҳурмат билан қараймиз. Клуб Шомуродовни қишда сотмаслик режасига тушуниш билан ёндашдик.
— Таклифлар бўлдими? 15 миллион евро?
— Ҳа, қизиқишлар бўлди, таклиф этилган суммалар ҳам жиддий эди. Лекин бунинг иложи йўқлигини тушунардик. Германия клублари орасида «Шальке»дан ҳеч қандай таклиф бўлмаган. Гельзенкирхенда бундай футболчини билишмайди маъносидаги хабар эса тўғри эмас. Элдор ҳақида билишади, унинг нархи қанча эканлиги ҳақида қизиқиш билдиришди.
Худо хоҳласа, трансфер амалга ошадиган бўлса, унинг нархини «Ростов» белгилайди. Бизнинг мақсадимиз эса, "Ростов"ни хафа қилмаган ҳолда айтаманки, ёзда унинг бошқа жамоага ўтишини таъминлаш. Аммо Россия чемпионатидан тушадиган таклифларни кўриб чиқмаймиз. Ғарбга йўл олишни истаймиз. Ҳозирги кунда аниқ таклиф мавжуд.
— Унинг самарадорлиги пасайгани ҳайрон қолдирмаяптими?
— Биз нафақат самарадорлиги, балки унинг барча ҳаракатларига қараймиз. У деярли ҳар бир ўйинда ассистни ва бошқа фойдали ҳаракатларни амалга оширади. Ҳеч бўлмаса «Краснодар» билан ўйинда Ионовга товон билан қай тариқа пас берганини эслайсизми? Ёки унинг «Спартак» билан ўйинда голли ҳужумлардаги иштирокини?
Футболчининг ҳаракатларини таҳлил қилиш керак: қанча масофага югурди, жамоанинг ҳимоядаги ўйинида қандай ҳаракат қилди. Элдор, шубҳасиз, универсал футболчи. Лекин бугунги кунда унга баҳони Валерий Карпин бериши керак. Аммо бу баҳо бизнинг баҳо билан мос келмаслиги мумкин.
— Ёзги трансфер борасида «Ростов» билан оғзаки келишув мавжудми?
— Йўқ.
— Лекин клуб қаршилик кўрсатиши мумкин.
— Бўлиши мумкин. Бу унинг ҳуқуқи. Демак, ечим қидирамиз. Клубни кўндиришга уринамиз. Сўнгги сўзни «Ростов» айтишини тушунамиз. Ҳеч ким бунга даъвогарлик қилаётгани йўқ. Қишда футболчи жамоани тарк этмаслиги ҳақидаги қарорга биз рози бўлдик.
Қишда таклиф бўлди, аммо клуб буни кўриб чиқмади. Биз бунга ҳурмат билан қараймиз. Бундан ташқари, «Ростов» уни сотмаслик ҳуқуқига эга.
Аммо ёзда тушадиган таклифни кўриб чиқмаслик... Биз кучлироқ чемпионатга ўтишни истаймиз. Ҳа, қарорни клуб қабул қилади, лекин биз Шомуродовни адолатли нархга сотиши ҳақида келишувга эришдик. Биргаликда муҳокама қиламиз.
— Футболчининг ўзи кучли чемпионатга кўчиб ўтишга руҳан тайёрми? Элдор анча камтар инсон.
— Аксинча, ўзига халал берадиган нарсалардан ҳимояга эга. У қувноқ йигит. Жамоанинг унга бўлган муносабатига қаранг.
— Шомуродов инглиз тилини ўрганяптими?
— Ўрганяпти.
— Мажбур қиляпсизми?
— Ҳа, мажбурлаяпмиз. Ўқитувчи топдик.
— Ўсиш борми?
— У билан шахсан ўзим гаплашдим, аммо ҳали баҳо беришга эрта. У аввалгига нисбатан яхшироқ гапира бошлади.