Кириш Регистрация
03/06 23:30 Вердер - Айнтрахт Франкфурт

Хабарлар

Эртага ғолиб ва совриндор дзюдочиларимизни кутиб оламиз!

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Париж ҳамда Дюссельдорф "Катта Дубулға" турнирларида муваффақиятли тарзда иштирок этди.

Париж шаҳри мезбонлик қилган нуфузли мусобақада дунёнинг 115 давлатидан энг сара дзюдочилар иштирок этди. -81 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Шарофиддин Болтабоев кумуш медаль соҳибига айланган бўлса, Ҳикматуллоҳ Тўраев (-73 кг) бронза медалини қўлга киритди. Болтабоев 700, Тўраев 500 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди. Шарофиддин чорак финалда амалдаги жаҳон чемпиони, рейтинг пешқадами исроиллик Саги Мукини соф иппон баҳоси билан мағлубиятга учратди. Ярим финал беллашувида эса япониялик Сотаро Фиживарадан устун келди.  

Дюссельдорф турнири эса Ўзбекистон дзюдоси учун чинакамига омадли келди. Бир йўла икки спортчимиз ўз вазн тоифасида чемпионлик шохсупасига кўтарилди. Давлат Бобонов (-90 кг) ва Муҳаммадкарим Ҳуррамов (-100 кг) мусобақанинг олтин медали ва шу билан бирга 1000 рейтинг очкосини ҳам қўлга киритди. Муваффақиятли иштирок сабаб Бобонов 28-поғонадан 17-ўринга, Ҳуррамов эса 21-ўриндан 15-поғонага кўтарилиб олди.   

Сўнгги бор бундай натижа 2012 йилда кузатилганди. Ўшанда Париж "Катта Дубулға" турнирида 2 та, Москва "Катта Дубулға" мусобақасида 3 та олтин медаль расмийлаштирилган эди. Париж татамиларида Ришод Собиров (-60 кг), Дилшод Чориев (-90 кг) олтин, Рамзиддин Саидов (-100 кг) ва Абдулла Тангриев (+100 кг) бронза медалига сазовор бўлган. Москвада эса Мирзоҳид Фармонов (-66 кг), Рамзиддин Саидов (-100 кг) ва Абдулла Тангриев (+100 кг) олтин, Наврўз Жўрақобилов (-73 кг), Яҳё Имомов (-81 кг) кумуш, Мирали Шарипов (-73 кг) бронза медали билан тақдирланганди.

Орадан 8 йил ўтиб, дзюдочиларимиз "Катта Дубулға" туркумига кирувчи нуфузли мусобақада 2 та олтин медаль қўлга киритишди. Натижаларнинг ижобий кўриниш ола бошлаганида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда дзюдо федерацияси раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларнинг салмоғи катта бўлмоқда дейиш мумкин.

Эртага тонгги соат 05:15да Париж ва Дюссельдорф турнирларида зафар қучган дзюдочиларимиз Истанбул - Тошкент авиа рейси билан юртимизга қайтиб келишади. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олиш маросими ташкил этилади.    

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати

Киритилди: 23:57, 27.02.2020.
Ўқилди: 1240 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.