Аввало, бир фикрни айтиб қўяй, сарлавҳа “Реал”га мухлисликни англатмайди, шунчаки “Реал” “Барселона”га қарши ўйинда сарлавҳага мос ҳаракат қилди.
Энди ўйин ҳақида. Ўйиндан олдинги мақоламда “Реал” сафидаги йўқотиш, хусусан, Азарнинг йўқлиги жамоанинг ўйинига жиддий таъсир кўрсатмайди, қабилида фикр билдиргандим. Чунки дастлабки “эл-класико”да ҳам “қаймоқранглилар” Азарсиз жуда яхши ўйнашган, фақат гол етишмаганди. Бу сафар эса Зидан ана шу камчиликни ёпди.
Зиданнинг биринчи ютуғи — асосий таркибни тўғри танлай билгани. Бугун франциялик мутахассис ишонч билдирган Марсело тажрибанинг ўрни қанчалик муҳим эканлигини кўрсатди. Биргина вазият, Куртуа билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетаётган Мессидан қоида бузмасдан тўпни олиб қўйиш учун катта тажриба керак. Зидан Марселони ана шу тажриба умидида майдонга туширди ва бразилиялик ҳимоячи ишончни оқлади.
Зиданнинг иккинчи ютуғи — Куртуанинг ишончли ўйини. Бугун бельгиялик посбон “гол ўтказмаслигим шарт”, деган аҳд билан майдонга тушганини исботлади. Биринчи бўлимнинг ўзида яққол учта вазият, ҳатто Мессининг аниқ ва кучли зарбаси — Куртуа сейвлари билан ўзи томон отилаётган танқид тошларини сезиларли даражада камайтирди.
Зиданнинг учинчи ютуғи — тактика. Франциялик мутахассис рақибга қарши ҳужумкор тактикани танлади. Кучли прессингга таянди. Афтидан, Каталония клуби бунга тайёр эмасди, шекилли, кўп ҳолларда меҳмонлар хатога йўл қўйишди. Зидан шогирдлари эса бутун ўйин давомида тинмай югуришди ва тезкор ҳаракат қилишди. Айниқса, ўзаро узатмалар борасида мураббийнинг футболчилар билан жиддий ишлагани сезилди. “Реал” ҳатто ўз жарима майдонида ҳам тўпдан шунчаки қутулишни ўйламади, қисқа узатмалар билан ҳимоядан чиқиб кетиш ва ҳужумга ўтишга интилди.
Зиданнинг асосий ютуғи — бугун “Реал”нинг ҳар бир футболчиси ўзининг энг яхши ўйинини ўтказди.
“Реал” сафида ҳар бир футболчи ўз ишини муносиб бажарди. Ваҳоланки, бундай ҳолат ҳар доим ҳам кузатилавермайди. Бу шуни англатадики, “қаймоқранглилар” бугунги ўйинга шунчаки навбатдаги рақибни мағлуб этиш эмас, “Барселона”ни, азалий принципиаль рақибни мағлуб этиш нигоҳи билан қарашган. Буни Винисиус гол урганида Каземиронинг ушбу муваффақиятни алоҳида эҳтирос билан нишонлаганидан билиш мумкин. Афтидан, Зидан ўйиндан олдин шогирдларига шундай деган: “Бугун “Барселона”ни мағлуб этиб, чемпионлик ўрнига қайтишимиз керак. Ҳам биринчи ўринга қайтамиз, ҳам Каталония клубини енгамиз”.
“Барселона” ҳам, аслида, ёмон ўйнагани йўқ. Бугунги ўйиндан келиб чиқиб, жамоанинг руҳий ҳолати у қадар яхши эмаслигини пайқаш мумкин. Кике Сетьен жорий мавсумдаги биринчи “эл-класико”да йўл қўйилган хатоларни ўрганмаган кўринади. Чунки “Барселона” аввалги “эл-класико”даги каби ҳаракат қилди: ўша хатолар ва ҳаттоки олдингидан-да сустроқ ўйин.
Бугун “Барселона” ўйинида тарқоқлик сездим. Айниқса, иккинчи бўлимда “Барселона” ўзига ўхшамади. Демакки, ўйиндан олдин футболчиларни етарлича тайёрлай олмаган мураббий танаффусда ҳам керакли сўзларни топа олмаган. Афтидан, футболчилар ва мураббий ёки раҳбарият ўртасида қандайдир зиддият бор. Чунки бугун меҳмонларда жонкуярлик, шиддат у қадар сезилмади. Гап фақат мураббийда эмас, агар ҳозир Сетьенни истеъфога чиқариб, ўрнига бошқа мураббийни олиб келган тақдирда ҳам вазият ўзгариб кетишига унчалик ишонмайман. Чунки Мессидек сеҳрли таёқчаси бор жамоа бугунгидек беқарор ўйнамаслиги керак эди.
“Реал” тахтга қайтди, яна қандай — “Барселона”ни мағлуб этиб. Табиийки, Мадрид клуби мухлислари “Манчестер Сити” ва “Сельта”га бой берилган очколарни ҳам унутишди. Бу ғалаба ўз навбатида ЕЧЛ доирасида “шаҳарликлар”га қарши кечадиган жавоб ўйинидан олдин ўзига хос мотивация бўлди.
Низомжон ИСЛОМОВ