Мана, орзиқиб кутилган класико ҳам ўтди-кетди. Эмоциялар, ҳис-туйғулар ортда қолди.
Учрашувда чиндан ҳам устун жамоа ғалаба қозонди. Кики Сетьен Зиданга иккинчи бўлимда ҳеч нарса таклиф эта олмади. Ҳаммамиз кўрдик.
Ўйин ўз йўлига. Мухлислик маданияти анча яхшиланганини кўрдим. Жуда кўп савияли, адекват инсонлар кучли томон ғалаба қозонганини айтишди. Ўзи мухлислик қилган бўлса, шодлигини яширмади, рақиб деб билса, табриклади реалчиларни.
Ижтимоий тармоқларда савияли қатлам тўпланган твиттер оламида мазмунли фикрлар ўқидим (одноклассники, инстаграм ва фейсбук саҳифаларидаги изоҳларнинг аксари ўқишга, эътиборга олишга арзимайди, ўта саёз ва ёш болаларча фикрлаш). Армия бўлиб бўлиниш тугабди, шунисини илғадим бугун.
Ўйлашимча, буёғига олдинги класиколар ҳам бўлмайди. "Ёқа йиртиб" ўйналадиган жанжаллар, тўп учун бешафқат курашлар кузатилмаса керак. Қонталаш нигоҳи билан Иньестани чопиб ташлайдиган пепелар, тўпни рақибга қайтариб бермай асабни ўйнайдиган пеплар бошқа қутбга кетишган.
Бугунги класико фақат футбол улашувчи экстракласс даражага чиққан ўйинга айланди.
"Суюнчи" фильмида айтилганидек, "уришиладиган тўйлар" қайтмайди.
Бу яхшими, ёмонми? Кимгадир униси, кимгадир буниси. Шахсан менга ҳозиргиси маъқулроқ. Чунки одамийлик футболдан юқорида туриши керак. Фанатизм касаллигининг иллатлари қўрқинчли. Соғ одамни-да телбага айлантиради-қўяди.
Ўша "Суюнчи"да ҳам Анзиратнинг дўстлари эслайдиган "тўйлар" аслида яхшилик белгиси эмас. Хотиранинг ҳисобига ижобийдек кўринади, холос.
Бу класикони чўққига олиб чиққан икки даҳонинг бири энди томошабин, иккинчиси эса, майдонда. Лекин олдингидек халоскор эмас. Буни трибунада кузатаётган Роналду жуда аниқ ҳис этяпти. Усиз Месси "зерикаётганини", олдингидек иштиёқда эмаслигини пайқаяпти.
Ҳа, ҳаммаси тугаяпти, янги класико даври бошланиш арафасида...
"Реал" ишқибозларини ғалаба билан табриклаймиз, барча мухлисларни эса, ҳақиқий, тоза футбол билан. Дарвоқе, янги кураш олдидан умумий ғалабалар сонида яна тенглик: 96-96.
Сериал давомига бошқа қаҳрамонлар кастинги бошланди: Фати, Мариано, Винисиус, Брейтвейт...