Ўзбекистоннинг энг машҳур футболчиларидан бири Одил Аҳмедов ҳақида ҳикоя қилинувчи асарни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Устанинг башорати
Болалигим оддий ўтган. Оддий қишлоқда оддий оилада туғилганман. Оиламизда фақат отам ишлардилар, онам уй бекаси. Болалигида ўзбек боласи нима иш қилса, шуни қилганмиз: уззукун ялангоёқ кўча чангитиб юрардик, ёзнинг жазирамасида ошналарим билан каттаариққа чўмилгани борардик. Кимдир думалатиб келган тракторнинг катта баллонида беш-олтита бўлиб сузардик. Баллонда сузиш баъзи-баъзида курашга айланиб кетарди. Жой талашганлар бир-бирини тортқилаганича сувга қулар, яна баллонга чиқиш илинжида қолганларни ҳам ўзига қўшиб сувга ғарқ қилардир. Чала-чулпа қуриган кийимларимизни кийиб, ошна-оғайни, қариндош-уруғларнинг уйларига борардик. Шу тахлит кунни қорайтирардик.
Футбол жуда оммалашган вақтлар. Қишлоқда футболни севмаган, унга меҳр қўймаган инсон йўқ. Қизиққанлар футбол ўйнайди, ўйнай олмайдиганлар мухлислик қилади. Менда футболга меҳр беш-олти ёшларда уйғонган бўлса керак. Эсимни таниганимдан бери тўпга ошноман! Маҳалламиз адоғидаги, қачонлардир чим ётқизилган-у, аммо тақир жойга айланган ўйингоҳда футболдаги илк қадамларимни қўйганман. Болаларга қўшилиб, футбол ўйнашни бошлаганимни жуда яхши эслайман. Ўша ўйингоҳ менга жуда ҳам қадрли. Миллий терма жамоа, “Пахтакор”, “Анжи” ва “Краснодар” жамоалари таркибида кўплаб ўйингоҳларни кўрдим: “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Лужники”, учинчи Песчаной кўчасидаги ўйингоҳ , “Қозон-Арена” , “Анжи-Арена” , “AWD-Arena” , “Жассим бин Ҳамад...” Бу рўйхатни узоқ давом эттиришим мумкин. Лекин маҳалламиз адоғидаги ўша ғариб ва тақир ўйингоҳ менга бу муҳташам ўйингоҳларданда қимматли, мен доим қумсайдиган жой.
Ўша вақтда оиламиз камҳарж, фақат отам ишлайдилар. Табиийки, асосий даромадимиз дадамларнинг ойликлари. Баъзида ўзимиз ҳам пул топишга ҳаракат қилардик. Ҳовлидаги меваларни тоғорага солиб, Наманганнинг “Чорсу” бозорида сотиб келганимиз ҳали ҳам эсимда.
Наманганда футбол азалдан энг севимли спорт тури. Жуда яхши эслайман – қишлоғимиздан Наманган ва Тошкентдаги футбол мактабларида ўқийдиганлар жуда кўп эди. Ҳамма уларга ҳавас қиларди.
Дадамнинг ўзлари ҳам ашаддий футбол мухлиси, ёшликларида футбол мусобақаларида иштирок этганлар. Ҳатто йигитлик вақтларида ҳам сўроқсиз футболга кетиб қолаверганларидан опоқдадамдан сўкиш ҳам эшитган эканлар.
(давоми бор)
Бахтиёр АБДУҒАФУР.