Иорданияда бокс бўйича лицензион турнир давом этмоқда. Бугун терма жамоамиз Токио-2020 Олимпия ўйинларига иккинчи йўлланмасини қўлга киритди.
Бироз аввал -91 килограмм вазн тоифасида ҳамюртимиз Санжар Турсунов чорак финал жангини ўтказди. Эронлик Туфан Шарифи билан кечган баҳсда боксчимиз тўлиқ устунлик қилди ва ярим финал йўлланмасига эга чиқди.
Мусобақа регламентига кўра -91 килограмм вазн тоифасида ушбу мусобақада Токио-2020 учун 4 та квота ўйналмоқда. Демак, ярим финал финал йўлланмаси сурхондарёлик боксчимизга Олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини беради.
Шу тариқа делегациямизнинг Токио-2020 Олимпия ўйинларига қўлга киритган йўлланмалари сони 16 тага етди. Бугун Олимпиада лицензиялари учун рингга кўтариладиган яна 3 нафар боксчимизга ҳам мана шундай ғалабалар ёр бўлишини тилаб қоламиз.