Профессионал бокснинг 5та вазн тоифасида жаҳон чемпиони — Флойд Мейвезер Англиянинг «Ньюкасл» футбол клубини сотиб олишга қизиқмоқда, дея хабар тарқатди TMZ.
АҚШлик спортчи шу кунларда «Ньюкасл» мухлислари билан учрашувда иштирок этди. Ишқибознинг саволларига жавоб берар экан, Мейвезер футбол клубини сотиб олиш унинг режасида борлигини маълум қилди.
«АҚШда биз бу спорт турини соккер деб айтамиз. «Ньюкасл» — ақлбовар қилмас клуб. Агар уни сотиб олишимни истасангиз, бу ҳақда менга хабар беринг деди», — деди Флойд.
Кейинроқ TMZ боксчининг вакилларига асосланиб, Мейвезер ҳақиқатан ҳам инглиз клубини сотиб олиш ниятида экани ҳақида хабар тарқатди.
«Ньюкасл» АПЛнинг ушбу мавсумида 29-турдан кейин 35 очко билан 13-ўринни эгаллаб турибди.