Бугун 19 март. Ниҳоят ҳужумчилардан, ижодкор ярим ҳимоячилардан қутулиб, ҳимоя қўрғони вакилларига ҳам навбат етиб келди.
Ҳимоя деганда хаёлингизга биринчи навбатда келадиган мамлакат номи? Албатта, бугун вирус билан курашаётган Италия.
Скуадро Адзурра ҳимояси деганда биринчи навбатда келадиган ўйинчилар рўйхати қандай? Мальдини, Каннаваро, Барези, Кьеллини ва... табиийки бугун 44 га кирадиган Алессандро Неста номлари кучли бешлигингизни безайди. Ишончим комил.
Неста фаолиятини иккига бўламиз – “Лацио”даги тўққиз йил ва “Милан”даги ўн йил. Рим клубидаги ўйинларини Алессандро жуда ёшлигида бошлаган. Ўн олти ёшдаёқ ҳимояда ўзини хотиржам тутиши ва ишончли ҳаракати билан “бургутлар”нинг “ови”га сабаб бўлган. 23 ёшида у “Лацио” сардори эди. Римликлар Кубок эгалари кубоги ва А серияни енгиб олишига бошқалар қатори Нестанинг орқа зонани бир ўзи мустаҳкамлаб тургани ҳисса қўшган. Янги аср бошлангач “Лацио”да инқирозлар кузатилса-да, қаҳрамонимиз “Ишонч Синьори” бўлишда давом этарди. Ўша пайти Италия клубларининг деярли барча ҳужумчиси ўз интервьюсида Нестанинг ҳаракатидан ҳайратга тушишини айтган.
“Лацио” мухлислари ниҳоят жамоаларида “Абадий сардор” пайдо бўлганидан хурсанд бўлишган пайти, 2002 йили “Абадий шаҳар”ни тарк этишни истаб қолди.
Алессандро учун “Милан” таркибига қўшилиш катта юриш эди. 26 ёшли ҳимоячига “россонери” 39 миллион евро тўлашганининг ўзи бу трансфернинг қийматини белгилаб беради. Ваҳоланки, бунақа сумма у даврлар учун жуда катта, иккинчидан ҳимоячи учун тасаввур қилинмас даражада баланд. Неста янги клубида ҳам пешқадамга айланди. Паоло Мальдинига муносиб шерик бўлди. Бу дуэт жаҳоннинг энг кучли ҳимоя тандеми эди. Ҳозир ҳам бу даражадаги жуфтликни топа олмаймиз.
“Милан” билан Неста икки марта А серия ғолиби бўлди, икки марта ЕЧЛ кубогини қўлга киритди, 2006 йили эса, Италия терма жамоаси билан жаҳон чемпионига айланди.
Кейинги фаолияти ҳеч кимга қизиқ эмас. Марко ви Вайо ва Маттео Феррари билан “Монреаль Импакт” клубида нималар ютганию, нималарга эришгани юқоридаги натижалари олдида нурсиз бўлиб қолади. Шу боис, унинг кейинги фаолиятига қизиқиш билдирган бўлардим.
Алессандро мураббий бўлиш нияти борлигини айтганди уч-тўрт йил олдин. Ҳозирда унинг тенгқурларини, жамоадошларини бу соҳада кўряпмиз. Негадир Неста жим. Футболчилик фаолиятини жуда ёш бошлаган иқтидор янги соҳанинг нозик жиҳатларини ҳисобга олиб, кучга тўлиб олгач қайтар балки. Аммо қайтганда ҳам ўша Неста бўлиб қайтишини истаб қоламиз.
Хайрулла ҲАМИДОВ.