Бугун 22 март. Футболчилар, мураббийлар ва клубларга алоқаси йўқ сана. Лекин умумфутбол учун муҳим кун.
1888 йили 22 март куни Лондон шаҳрида Англиянинг бир қатор клублари раҳбарлари тўпланиб, барча жамоаларни бирлаштириб турадиган Лига тузишга келишиб олишган. Яъниким, Англия Футбол Лигаси ғояси тасдиқланган кун.
Ўша пайтдаги тартибсизликдан безор бўлган савияли шахслар клублар фаолиятига профессионал ёндошиш учун ҳам шу ишга қўл уришган ва мақсадларига етишишган. Айни пайтгача энг қадимги Лига ҳисобланадиган ташкилот барчага ўрнак бўлиб келмоқда.
АФЛнинг тасарруфига Чемпионшип, 1 ва 2-лига турнирлари киради. 1992 йилга қадар Англия биринчи дивизиони ҳам кирарди. Лекин турнир Премьер-лига мақомини олгач, алоҳида ташкилотга айланди.
1995 йилдан лигада 72 клуб мавжуд. Юқорида айтганимиздек, улар учта дивизионда қатнашадилар. Уэльснинг бир қисми ҳам бу Лигага аъзо.
АФЛ эгидаси остида икки кубок турнири ўтказилади – Англия футбол лигаси кубоги (Carabao Cup) ва Англия футбол лигаси трофейи (Leasing.com Trophy).
Айни шу кунларда бу қадимий ташкилотга асос солинганини эслашимизнинг ўзига хос мазмуни бор. Охирги марта АФЛ Англия чемпионини аниқлаган даврлар “Ливерпуль” ўйнаб кулиб Англия чемриони бўлар эди. Ва ҳатто Лиганинг турнири бўлмиш АФЛ кубогида ҳам 8 бор ғолиб келиб, рекорд қайд этган.
АФЛ премьерлига ишларига аралашмай қўйганига ҳам 30 йил бўляпти. Ливерпулликлар ушбу ташкилот эгидаси остида Англия чемпионлиги аниқлансагина, ғолибликни осонликча қўлга киритишар экан, билиб олдик. Премьерлига ажралиб чиққач, кейинги чемпионликка энди-энди етиб келмоқда. Ҳа, даҳшатли фарқ билан-да етиб келганича йўқ ҳали. Ўртага коронавирус балоси тиқилиб кирди.
Хуллас, футбол ватани саналмиш Англияда расмий баҳслар асосан Ливерпуль шаҳрида бошланганини ҳисобга олсак, унинг бағрида ҳам асосан шу шаҳар футболчилари ўзларини яхши ҳис этишган ва янги турнирда ўттиз йил деганда ғолиб бўламан деганда нималар содир бўлаётганини кўряпмиз. Балки Премьер-лига яна қадимги Лига эгидаси остига қайтар, а? Бунга Ливерпульнинг қўшниси – Манчестер шаҳри кўнмаса керак.
Хайрулла Ҳамидов.