Кириш Регистрация
03/06 23:30 Вердер - Айнтрахт Франкфурт

Хабарлар

Роналду ўтиши мумкин бўлган 5 та клуб

Баҳо:
+3 | -

Stadion.uz “Ювентус” ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг кейинги манзили бўлиши кутилаётган 5 та клуб номини тахмин қилиб кўради.

Турин суперклуби Италиядаги молиявий инқироз чоғида ўз футболчиларининг айримларини трансферга қўйишга қарши эмас. Сўнгги кунларда Роналдунинг Туринга қайтиб келмаслиги борасида хабарлар кўпайиб бормоқда. “Юве” ҳам бу хабарларнинг ёлғон эканлигини, Роналду жамоада қолишини эълон қилганича йўқ. Агар Роналду кетса, унинг кейинги манзили қайси клуб бўлади? Бугун шу саволга жавоб излаб кўрамиз.

«Пари Сен-Жерман»

Кўплаб Италия нашрларининг маълум қилишича, Роналдуга биринчилардан бўлиб Парижнинг «ПСЖ» жамоаси ҳаридор бўлиши кутилмоқда. Гап шундаки, футболдаги инқироз даврида ҳам қатарлик инвесторларда ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас. Туринликлар Роналду учун 70-90 миллион евро атрофида сўрашлари турган гап. Ҳозирча Роналду бу вариант борасида лом-мим демаган бўлса-да, «ПСЖ» раҳбарлари унинг трансфери учун барча нарсага тайёр. Гап шундаки, агар Роналдуни «ПСЖ» сотиб олса, у катта эҳтимол билан ёзда “Барселона”га қайтиши кутилаётган Неймарнинг ўрнини эгаллаши мумкин.

«Гуанчжоу Эвергранд»

Роналдунинг Туринга қайтмоқчи эмаслиги борасидаги хабарлар пайдо бўлгач, Хитойнинг «Гуанчжоу Эвергранд» клуби бош мураббийи Фабио Каннаваро уни жамоасига чорлади. Бундан ташқари, мураббий футболчи ўз карьераси сўнггида Хитойда тўп суриш нияти бор эканлигини айтганига ҳам шаъма қилди. Ҳозирча бунга ишониш қийиндек туюлмоқда, бироқ Хитой клуби супер шартнома таклиф этса, нима учун Криш Осиёга ташриф буюрмаслиги мумкин? Тан олиш лозим, Роналду 35 ёшда ва бу мантиқий якунтобора яқинлашиб келаётганидан далолат бермоқда. Ўтган мавсумда голфчи Бэйл учун ҳафтасига 1 миллион евро ваъда қилган клуб, Роналдуга қанча таклиф қилишини тасаввур қиляпсизми? Боз устига, мураббий ҳам эски қадрдонлардан. Бу вариантни ҳам четга суриб ташлашга шошилманг!

“Манчестер Юнайтед”

Таниқли “The Sun” нашрининг маълум қилишича, “Манчстер Юнайтед” ҳали-ҳамон Роналдуни ортга қайтишини интиқлик билан кутмоқда. Ҳатто 35 ёшда бўлса ҳам. Гап шундаки, Криштиану “Манчестер Юнайтед”нинг сўнгги 5 йил ичида кескин тушиб кетган маркетинг ишларида, мухлислар армиясининг кенгайишида, янги реклама шартномаларида қўл келиши мумкин. Бундан ташқари, унинг 7-рақамни қайтариб олиши, мухлисларнинг клубга бўлган ишончини қайтариши мумкин. Манба берган хабарларга қараганда, футболчининг ўзи ҳам Англияга қайтишга қарши эмас. У ва унинг жамоаси ортга қайтиш борасида бошқотиришаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Агар Криш ортга қайтса, бу АПЛдаги интриганинг супер даражада кўтарилишини таъминлаши аниқ!

“Манчестер Сити”

Бу ҳақиқатдан йироқ туюлиши мумкин, бироқ Британия нашрларининг маълум қилишича, араб шайхлари Роналдунинг ёзда “шаҳарлик”ка айланиши учун катта суммани аяб ўтирмоқчи эмас. Шунга қарамай, катта эҳтимол билан бу трансфер қоғозда қолиб кетса, ажаб эмас. Гап шундаки, Роналду “қизил иблислар”нинг мухлислари кўз олдида “хоин”га чиқишни истамаслиги аниқ. Шундай бўлсада, Фигунинг “Реал Мадрид”га ўтиб кетганини унутмаган бўлсангиз керак? Яна ким билади дейсиз?!

“Интер Майами”

Катта эҳтимол билан Криштиану қачондир шу клуб либосини кийиши аниққа ўхшаб бормоқда. Клуб эгаси Девид Бекхэм ўз интервьюларида Роналду ва Мессини ўз жамоаси сафида бирга кўриш орзуси ҳақида тинмай сўзлаб келмоқда. Агар олиб келишни аҳд қилган бўлса, Бекс ишни Роналдудан бошлаши мумкин. Агар Мессини олиб келишнинг иложи бўлмаса ҳам Роналду МЛСдаги футболнинг ривожи учун фантастик туртки бериши турган гап. Боз устига, иқлим ва нисбатан зич бўлмаган тақвимли мавсумда Криш ўзини янада эркин тутиши турган гап. Тез орада 40 ни қоралайдиган Златан ёндирган МЛС майдонларини наҳотки 5 та “олтин тўп” эгаси ўзиники қилаолмаса? Роналду учун энг оптимал вариант сифатида МЛС кўрсатилмоқда, бироқ Криш Месси билан рақобатдан чекинармикан? Барчасини вақт кўрсатади.

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 07:04, 08.04.2020.
Ўқилди: 16270 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.