Беларуснинг "Энергетик-БГУ" клуби ҳужумчиси Жасур Яхшибоев Осиё футбол конфедерацияси расмий сайтига интервью берди.
— Жасур, сизни Беларусь чемпионатидаги ажойиб старт билан табриклайман. Ушбу муваффақият сиз учун кутилмаган ҳол бўлдими? Бунинг сабаби нимада?
— Беларусь чемпионатининг илк турида ажойиб старт олдик. Кўпчилик БАТЭни мағлуб этишимизни кутмаган эди. Чунки, бу клуб Европада ном чиқарган. Аммо бутун учрашув давомида биз катта иштиёқ билан ҳаракат қилдик. Шунингдек, дебют ўйинимда ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Майдонда ўз вазифамни бажариш ва гол уриш муҳим аҳамиятга эга эди. Ҳужумчи ҳамиша рақиб дарвозасини ишғол қилиши керак. Мен ҳам доимо шунга ҳаракат қиламан.
— Беларусь чемпионати бошланишидан олдин қандай мақсадларга эришишни мақсад қилган эдингиз?
— Беларусь чемпионатига ўтишдан асосий мақсадим — бу ерда ўзимни кўрсатиб, кейинчалик Европанинг кучлироқ жамоаси билан шартнома имзолаш. Менинг мақсадим — ҳар бир учрашувда гол уриш ва жамоадошларимнинг гол уришига ёрдам бериш. Беларусь чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлишни истайман.
— БАТЭга қарши биринчи ўйинда 2та гол урдингиз ва жамоангиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Мухлислар сизнинг ўйинингизга қандай баҳо беришди?
— БАТЭ каби кучли жамоага қарши ўйинда иккита гол уриш — ажойиб натижа. Кўпчилик буни илиқ қабул қилди. Кўп мухлислар жуда хурсанд бўлишди. Беларусда мени одамлар таний бошлади.
— Беларусь ва Ўзбекистон чемпионатларини таққослай оласизми?
— Беларусь ва Ўзбекистон чемпионатларини таққослаганда, ўйин услуби бўйича кичик фарқ мавжуд. Ҳар бир чемпионатининг кучли томони бор. Бу ерда Европага яқин футбол намойиш этилади. Беларусь чемпионати савияси яхши даражада.
— Сиз легионер сифатида илк марта хориж жамоасида ўйнаяпсиз. Майдон ва унинг ташқарисида қандай фарқларни ҳис қиляпсиз?
— Фаолиятимда илк марта легионерга айландим. Легионер ҳамиша маҳаллий футболчилардан кучли бўлиши керак. Шунинг учун ҳар бир учрашувда маҳаллий ўйинчиларга нисбатан яхшироқ ўйин кўрсатишим керак. Хорижда тўп тепишнинг кўп устунликлари бор. Инсон сифатида ҳам ўсиш мумкин. Шунингдек, футболчи сифатида ўсиш учун яхши имкониятга эгаман.
— Беларусь чемпионати — ҳозирда давом эттирилаётган кам сонли футбол лигаларидан бири. Ўйинчи сифатида сизга диққат билан эътибор қаратишаётганини ҳис қиляпсизми?
— Ҳа, ҳозирда Беларусь чемпионати давом эттирилаётган жаҳондаги кам сонли футбол мусобақаларидан бири ҳисобланади. Кўп мамлакатлар ҳозирда ушбу чемпионатни ўз юртларидан трансляция қилмоқда. Жаҳон бўйлаб Беларусь Олий лигасини кузатишмоқда. Бу ўйинчилар учун ажойиб реклама ва зўр имконият. Айнан шунинг учун мен ҳар бир баҳсда ўзимни яхши томондан кўрсатишга интиляпман.
— «Энергетик»нинг ўтган мавсумдаги тўпурар Илья Шкурин ЦСКА билан шартнома имзолади. Агар яхши ўйин кўрсатишда давом этсангиз, кучлироқ чемпионатга кўчиб ўтишингиз мумкин. Ёки сиз «Пахтакор»га қайтмоқчимисиз?
— Ҳа, ўтган йили Беларусь чемпионатининг энг яхши тўпурари билан Илья Шкурин ушбу мавсумда ЦСКАга ўтди. Энди менда ҳам шундай имконият мавжуд. Мавсум давомида яхши ўйин кўрсатсам, менда ҳам кучли чемпионатга йўл олиш ва гранд жамоалар шарафини ҳимоя қилиш имконияти пайдо бўлади. Менинг мақсадим — Европада ўйнаш. «Пахтакор»га қайтмоқчи эмасман.
— Ўзбекистон олимпия терма жамоаси таркибида Таиландда ўтказилган Осиё чемпионатида иштирок этдингиз. Жамоа ярим финалга чиқди, аммо олимпиада йўлланмасини қўлга кирита олмади. Лекин сиз яхши ўйин кўрсатдингиз. Ортга назар ташлаган ҳолда мусобақага қандай баҳо берасиз: муваффақиятли, ўртача ёки ёмон?
— Таиланддаги мусобақада Ўзбекистон ярим финалга чиқди. Лекин асосий мақсадимиз Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритишдан иборат эди. Аслида, ярим финал — ёмон натижа эмас. Аммо биз ёзги олимпия ўйинларига чиқа олмадик. Шунинг учун бу натижани муваффақиятсиз деб ҳисоблайман.
— 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатидан чиқарилган энг катта сабоқ нимадан иборат?
— Ушбу мусобақада биз ўз маҳоратимизни оширдик. Мусобақа юқори савияда ўтди. 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати — ёш ўйинчиларга ўзини кўрсатиш учун яхши имконият. Ушбу турнирдан фақат яхши таассуротлар қолди.
— Ҳозир 22 ёшдасиз. Айни пайтда халқаро футбол қачон давом эттирилиши аниқ эмас. Аммо сиз ўйин амалиётига эга бўлиб турганингиз учун терма жамоага тезроқ қайтишингиз мумкинми?
— Миллий жамоа шарафини ҳимоя қилиш — ҳар бир футболчининг орзуси. Мен ҳам Беларусь чемпионати яхши ўйин кўрсатиб, Ўзбекистон терма жамоасидан таклиф оламан, деб умид қиламан. Келажакда Ўзбекистон миллий жамоасининг доимий аъзоси бўлишни истайман. Терма жамаомизга манфаатим тегишини истайман.