"Пахтакор" иштирокида Тошкентда кечган кўплаб беллашувларда "Пахтакор" стадиони ишқибозлар билан тўлиб тошган.
Биз "шерлар"нинг турли мусобақалардаги томошабинлар ташрифи бўйича уйдаги учрашувлар рекордини келтириб ўтамиз. СССР чемпионати ва умуман мутлоқ рекорд 1962 йил Тбилисининг "Динамо" жамоасига қарши баҳсда қайд этилган. Ўшанда Собиқ Иттифоқ чемпионатида энг муваффақиятли мавсумлардан бирини ўтказган жамоамиз ўйинини томоша қилиш учун "Пахтакор" стадионига 65 минг мухлис ташриф буюрган! 1962 йил уй баҳсларига ўртача ташриф 50 минг ишқибоздан юқори бўлган.
1963 йил Донецкнинг "Шахтёр" ва 1966 йил Киевнинг "Динамо" клублари билан тўқнашувни ҳам Тошкентда 65 мингдан мухлис кузатган. Халқаро ўртоқлик ўйинларида 1964 йил Бразилиянинг "Пирасикаба" ҳамда Уругвайнинг "Насионал" жамоалари билан беллашувларни 60 мингдан ишқибоз стадионда томоша қилган.
Ўзбекистон чемпионатида энг яхши кўрсаткич 1997 йил "Афросиёб", 2000 йил Зарафшон" ва 2002 йил "Қизилқум" клубларига қарши учрашувларда қайд этилган. Мазкур баҳсларни 45 мингдан ишқибоз кўрган. Осиё клублар мусобақаларида 2003 йил Таиланднинг "Бек Теро Сасана" жамоаси билан ўйинни 50 минг мухлис томоша қилган. Чемпионлар лигасида ўтган мавсумда "Ал Садд"га қарши тўқнашувни 32 мингдан зиёд ишқибоз кузатди ва бу 2003 йилдан буён кузатилган энг яхши натижа бўлди.