«Рома» собиқ ҳужумчиси Франческо Тотти нима сабабдан фаолиятини якунлашга қарор қилгани ҳақида гапирди.
«Мен футбол ўйнашдан тўхташни истамагандим. Яхши формада эдим, нега энди кетишим керак? Улардан ҳар сафар ўйин амалиётига эга бўлишни сўрамадим ёки мени майдонга туширишларига мажбур қилмадим. Клубдаги фаолиятимни бузиб қўйишни истамадим, шу сабаб бошқа жамоада бир йил ўйнагандан кўра фаолиятимни якунлаб қўйишни маъқул кўрдим. Тентак ёки 10 ёшли бола ҳам эмасман, бироқ айтишим керак, жисмоний ҳолатим яхши эди, буни машғулотлар жараёнида кўриш мумкин эди. Бирор юмушга ярай олардим ва ҳеч кимдан кам эмасдим.
Кийиниш хонасининг бир бўлаги эканимдан, ёш футболчилар билан ишлаб, уларга тажрибамни бериш орқали мураббийга ёрдам қилишдан жуда бахтли эдим. Захирадан тушган вақтим стадион «ёнарди» ва бу атмосфера ҳаммага ёрдам берарди. Ҳамма нарсанинг охири бор, буни биламан, аҳмоқ эмасман. Бироқ муаммо шундаки, баъзи одамлар келиб клубни тарк этиш қарорига келганимни эълон қилишни сўради, кейин эса мени бир четга суриб қўйишди. Жуда сиқилдим. Клуб учун барчасига тайёр эдим. Эшитиб олинг, вазият ўзгармас экан Тригорияга («Рома» базаси жойлашган жой) қадам босмайман.
Ўғлим — «Рома» академияси тарбияланувчиси. Уни ҳар гал машғулотларга олиб борганимда дарвоза олдида қоламан. Баъзида машинада қоламан ва 30 йил ўтиб бу ерга кира олмайдиган даражага етиб келганимни ўйлаб йиғлайман. Мен кетдим ва шу билан тамом. Ҳали ҳам яқин дўстларим бор ва улар сўрашгани ташқарига чиқиб туради. Вақти вақти билан ўғлим ўйин томоша қилиш учун чақириб қолади, бироқ мен бундай қила олмайман. Бу мен учун ўлимга тенг», — дейди Тотти.
Эслатиб ўтамиз, Тотти 1992—2017 йиллар мобайнида римликлар сафида тўп сурган. 2017 йилда футболчилик фаолиятини якунлаган Тотти клуб директорлиги лавозимини эгаллайди. Бироқ 2019 йилнинг ёзида келишмовчиликлар сабаб бу лавозимни ҳам тарк этади.