Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Янги Рамос ва Пуйоллар билан танишинг

Баҳо:
+ | -

Stadion.uz яқин йилларда дунёнинг энг кучли ҳимоячиларидан бирига айланишга жуда яқин турган ёш ва иқтидорли футболчилар билан таништириб ўтади.

Ўзан Кабак

20 ёшли турк ҳимоячи учун “Шальке-04” 15 миллион евродан воз кечганида, мухлис ва мутахассислар ҳайрон қолишган эди. Эндиликда, Ўзан статистик маълумотларга кўра Бундеслиганинг энг фойдали ҳимоячисига айланиб бормоқда. Тўп учун курашда фаол, чаққон ва иккинчи қаватда деярли тенгсиз бўлган Кабакнинг атрофида аллақачон гранд жамоалар “ўралашиб” юрибди. Тўп учун курашларнинг 72(!) фоизида ютиб чиқаётган иқтидорли ҳимоячининг ўйинларини бир неча бор “Манчестер Сити” ва “Барселона” клуби скаутлари стадиондан туриб томоша қилишга ҳам улгуришди. Катта эҳтимол билан, қаҳрамонимиз яна бир мавсум “Шальке” сафида тўп суради ва яхшигина сумма эвазига Бундеслигани тарк этади.

Вильям Салиба

Трансфер ҳуқуқи “Арсенал”га тегишли бўлса-да, Салиба Франциянинг “Сент-Этьен” клуби сафида ижара асосида тўп тепмоқда. Эътиборли шундаки, Лондонда ўзини кўрсата олмаган ҳимоячи ватанида футболчи сифатида жадаллик билан ўсиб келмқода. Бу мавсумда қаҳрамонимиз ҳар бир ўйинда ўртача ҳаводаги курашларнинг 2,5,ердаги курашларнинг эса 1,95 тасида ғолиб чиқди. Бу «Лига 1»даги энг яхши 3 та кўрсаткичдан бири дегани. Камтарин “ Сент-Этьен” ҳимоячиси учун жуда яхши кўрсаткич. Бундан ташқари, Салибанинг техникаси жуда яхши. У ўйин давомида кучли прессинда қолиб кетсада дрибблинг ёки финт эвазига вазиятни юмшатиши ва жамоада тўпни сақлаб қолишга урунади. Энг муҳими, қаҳрамонимиз аниқ биринчи узатмага эга. Бу бугунги кунда замонавий мураббийлар томонидан ҳимоячилардан талаб қиланаётган биринчи рақамли вазифа бўлиб турибди. Катта эҳтимол билан, Вильям келаси мавсумни “Арсенал” сафида бошлайди. Мустафи ва Сократисни трансферга қўйган “Арсенал” Францияда чинакам прогресс намойиш этган футболчисини ортга қайтариш борасида иш олиб боришни анча аввал бошлаган.

Алесандро Бастони

Антонио Контенинг ёқимтой футболчисимураббий жамоага келишибиланоқ унинг эътиборини қозонди. Эндигина 20 ёшни қарши олганига қарамай, Бастони жуда совуққон ва эҳтиёткор. Унинг ўйинларини ҳатто Италия футболи афсонаси Жузеппе Бергоми ҳам бир неча бор эътироф этди. Майдон бўйлаб аниқ кроссларни амалга ошираётган ҳимоячи бугунги кунда А Сериянинг энг кучли марказий ҳимоячиларидан бири бўлиб турибди. Айнан унинг ишончли ўйинлари сабабли Диего Годин захира ўриндиғига михланиб қолди. Доимо совуқ бош билан тўп сурувчи ҳимоячи келажакда Бонуччи ва Кьеллини сингари дунёнинг энг кучли классик марказий ҳимоячиси бўлиб етишиши аниқ. Ҳозирча, ҳимоячи учун “Манчестер Сити” 60 миллион евро таклиф қилган бўлса-да, “Интер” ўз “марваридини” ҳеч кимга сотмоқчи эмас. Бастонининг ўзи ҳам ҳеч қаерга кетишни истамаяпти. Шунга қарамай, “Tuttosport” унинг Италияда узоқ ушланиб қолмаслигини башорат қилмоқда. Барчасини вақт кўрсатади.

Дан-Аксел Загаду

Бугунги рўйхатимиздаги янабир француз ҳимоячиси. Загаду мавсумдан мавсумга кучли ва ишончли ҳимоячига айланиб бормоқда. Айниқса, Бундеслигага ўтгач, унинг ўйинида кескин ўсиш кузатилди. Лусьен Фавр футболчини нафақат ҳимояда, балки жамоавий ҳужумда ҳам фаол иштирок этишини талаб қилмоқда. Загаду ҳам ўз техникаси билан мақтаниши мумкин. Статистик маълумотларга қараганда, ҳимоячи ҳар бир учрашувда ўртача 1,4 бор аниқ алдаб ўтишни амалга оширмоқда. Бундан ташқари, у Бундеслигадаги ҳимоячилар ичида стандард вазиятларда барчадан фойдалироқ бўлиб турибди. “ПСЖ”да асосан қанот ҳимоясида кўриниш берган Загаду эндиликда Хуммелс билан биргаликда ҳимоя марказига жавоб бермоқда. Аслида, унинг фантастик тезлиги қанотларда ҳам тўп суриш имконини беради, бироқ Фавр Загадунинг жисмоний ҳолати ва иккинчи қаватдаги устунлигидан марказда фойдаланишни афзал кўрмоқда. Умуман олганда, универсал ҳимоячи ҳам бунга қарши эмас. Дан-Аксел яқиндагина 20 ёшни қарши олди. Шундай бўлсада, бугун у “Боруссия Дортмунд”нинг асосий таркиб футболчиси саналади. Қаҳрамонимиз шу темпда ўсишда давом этса, яқин йиллар ичида албатта бирор бир гранд жамоа либосини кийиши турган гап.

Дайо Упамекано

“РБ Лейпциг” тепасига Юлиан Нагельсманн келгач, Дайо нафақат Бундеслиганинг, балки бутун Европанинг энг яхши ҳимоячиларидан бирига айланишга муваффақ бўлди. Упамекано Нагелсманнинг кўрсатмасига биноан марказий ярим ҳимоячиларга яқинроқ жойлашади ва ҳимоя марказида эркин тўп суради. Бу бежизга эмас, албатта. Дайо пасларининг 92 фоизи аниқ манзилига етиб боради. Соддароқ қилиб айтганда, унинг брак узатмалари деярли йўқ. Ишончли ва аниқ узатмалар эгаси. Айниқса, “Тоттенхэм”га қарши учрашувларда Упамекано замонавий футболга янги супер ҳимоячи кириб келаётганини барчага кўрсатиб қўйди. Ўша учрашувлардан сўнг, деярли барча гранд клублар “буқалар” ҳимоячисига кўз тиккани рост. Жамоаси тўп билан муносабатда бўлганида у марказдаги узатмаларга жавоб беради. Тўпсиз қолган чоғда прессингда жуда фаол ҳаракат қилади. Умуман олганда, Дайо исталган гранд жамоа талабларига бемалол жавоб беришга қодир ҳимоячи. «Bild» нашри берган хабарларга қараганда, Упамеканонинг агенти аллақачон бир нечта номдор жамоалар билан музокаралар ўтказишни бошлаган. Ҳимоячининг ўзи ҳам аллақачон клуб мутасаддилари билан учрашган ва ўзини ёзда трансферга қўйишлари борасида гаплашиб олган. Ҳозирча, унинг қайси клубга ўтиши борасидаги савол очиқлигича қолмоқда.

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 01:41, 06.05.2020.
Ўқилди: 10575 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.