Бугун Германия Бундеслигасида навбатдаги тур ўйинлари старт олади. Турни «Герта» ва «Унион» иштирокидаги Берлин дербиси очиб беради. Футболда дербиларни қадри қанчалик юқори эканлиги маълум, бу қарама-қаршиликни пойтахт дербиси остида ўтиши эса кескинликни оширади.
«Унион» Берлин бу мавсум таркиб эътибори билан қараганда муваффақиятли мавсум ўтказмоқда. Таъкидлаш керакки, клубни 3 йилдан буён бошқариб келаётган Урс Фишер ҳужумкор футбол намойиш этадиган жамоа шакллантирган. Унинг жамоаси айниқса, грандларга муносиб қаршилик кўрсатиши билан бу мавсум кўпчиликни эътиборини тортмоқда.
«Герта»да эса кетма-кет мураббийлар алмашуви юз берганлигини яхши биласиз. Ҳозирги бош мураббий Бруно Лаббадиа жамоага яхши киришиб кета олди. «Герта» пандемия даврида юзага келган танаффусдан кейин ҳаммасини яхши бошлади, жамоа ўтган турда «Хоффенхайм»ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди.
Бугунги учрашувга қизиқишни оширадиган яна бир жиҳат, ўйин турнир жадвалини нуқтаи назаридан ҳам жуда жиддий кечади. Айни пайтда «Герта» 31 очко билан 11 ўринда, «Унион» Берлин эса 30 очко билан кейинги поғонада бормоқда. Демак, бугун жадвалдаги қўшнилар жангига ҳам гувоҳ бўламиз.
Учрашув соат 23:30да бошланади. Ўйинни телеканалимизда жонли эфирда томоша қилинг.
Абдулла Нурмонов.