Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

“Янги Месси”лар ҳозир қаерда?

Баҳо:
+ | -

Stadion.uz ёшлик чоғиданоқ иккинчи Месси бўлиши тахмин қилинган футболчилар фаолияти ҳақида қисқача маълумот бериб ўтади.

Марио Гетце

 

Немис Мессиси катта футболга дадил қадамлар билан кириб келди. Клоппнинг “Боруссия Дортмунд” жамоаси ҳужумларига жавоб берувчи Марио қисқа муддатда барчанинг тилига тушди. Паст бўйли, теҳникаси кучли футболчи марказдан ёриб киришлари орқали “иккинчи Месси” “унвонини” қўлга киритди. Ачинарлиси шундаки, айнан Марио аргентиналик футболчининг даражасига чиқишга барчадан яқин келган эди, бироқ якунда унинг фаолиятида ҳам кескин пасайиш кузатилди.

“Боруссия Дортмунд” мухлисаларини дилини вайрон қилганча азалий рақиб либосини кийган Марио Мюнҳенда ажойиб мавсум ўтказди. Кейин ЖЧда ғолиб чиқди ва миллат қаҳрамонига айланди. Афсуски, Пеп Гвардиола даврида Марио секин-аста таркибдан тушиб қолишни бошлади. Оқибатда, “иккинчи Месси” Дортмундга қайтиб келиб ҳаммасини бошидан бошлашга ҳаракат қилди. Ачинарлиси шундаки, уни клуб ва мухлислар жуда совуқ қабул қилди. 20 ёшида бутун дунё эътирофига эришган футболчи орадан 7 йил ўтиб клубсиз қолиб кетиш даражасида пастга “қулади”. Катта эҳтимол билан уни ёзда бирорта ўртамиёна жамоа реклама мақсадида ўз сафига қўшиб олади. Энди У Мессининг издоши эмас, шунчаки Германия учун “олтин гол”ни урган Марио сифатида хотирамизда қолади.

Боян Киркич


 

Месси билан бир жамоа бўлишига қарамай, Кркични ҳам у сингари потенциал эгаси эканлиги башорат қилгани ёдингиздан кўтарилмаган бўлса керак. Леодан ҳам эрта жамоада дебют қилган (17 ёш 19 кун) Боян ҳам айтарли ҳеч нарсага эриша олгани йўқ. Шундай бўлсада, клуб унинг ўзини тиклаб олиши учун етарлича имкон берганини унутмаслик лозим. Каталония клуби сафида қаҳрамонимиз 162 бор майдонга тушган бўлса, 41 бор гол киритди холос.

Умуман олганда чакки натижа эмас. Афсуски бу “янги Месси” статуси учун жуда кам. Бечора Кркич замонамизнинг энг кучли футболчиларидан бири билан солиштиришлар қурбонига айланди. У майдонда бор маҳоратини намойиш этсада, мухлис ва мутахассислар ундан кўпроғини талаб қилишдан тўхташмади. Бундай руҳийбосимга дош бермаган футболчини “Барса” 12 миллион эвро эвазига “Рома”га сотиб юборди. Кейинчалик Кркич “Милан”, “Аякс”, “Сток Сити”, “Депортиво”, “Алавес” сингари клубларда тўп тепди, бироқ фақат Канаданинг “Монореаль” клубидагина қўним топди.

Гай Ассулин

 

“Янги Месси”лар орасида энг ачинарли ҳолат Гай Ассулин билан содир бўлган. Исроиллик болакай 19 ёшида Каталония супер клуби билан шартнома имзолаган. Теҳникаси жуда кучли бўлган ҳужумчи қанотда ҳам, марказда ҳам бирдек тезкор бўлгани боис мухлислар уни “исроиллик Месси” деб атай бошлашди.

Афсуски, Исроил футболчиси бундай эътиборни кўтара олмади. Ваҳоланки, у 2009-йилда клубнинг ёшлар жамоасида ўзини ёрқин ўйинлари билан кўрсатган ва ҳатто асосий жамоада дебют қилишга ҳам муваффақ бўлган эди. 2010-йилда унинг клуб билан шартномаси якунига етгач, ўша даврларда келажаги порлоқ проект сифатида қаралган “Манчестер Сити” билан шартнома имзолайди. Икки йил жамоа таркибида бўлишига қарамай, “шаҳарликлар” сафида бирорта учрашувда майдонга тушмай “туманли албион”ни тарк этади. Ачинарлиси, Гай сўнгги йилларда клубларни “қўлқопдек алмаштириш”да давом этмоқда. У Месси уёқда турсин, ҳатто Кркич даражасига ҳам чиқа олмади.

Икер Муньяин

 

Икер ҳам рўйхатимиздаги футболчилар сингари фаолиятининг илк қисмида катта шуҳрат қозонганлардан. Билбаолик йигитча Месси сингари чап оёқда зарба берар, кичик жуссаси билан дриблинг орқали рақибларни ортда қолдирар эди. Бу эса, атрофдагиларда уни Месси билан солиширишига туртки бўлди. Қаҳрамонимиз “Атлетик” сафида 16 ёшида дебют учрашувини ўтказди ва бугунги кунга қадар жамоанинг етакчиси саналади. Қаҳрамонимиз икки бор “GoldenBoy” соврини учун номзод бўлган бўлсада, ғолиблик унга насиб этмаган. Ўз вақтида у билан “Манчестер Юнайтед” қизиқиш билдирди, бироқ трансферни футболчининг ўзи барбод қилди клубда қолишини эълон қилди. Кейинчалик, ўсишдан тўхтаб қолди. Тўғри, у бугунги кунда йўқ бўлиб кетган футболчи эмас, лекин топ даражага чиқа олмагани ачиқ ҳақиқат. Уни фаолияти бошида Месси билан таққослашларига эътибор бермаган футболчи, ўзининг сўнгги интервьюсида такрорий саволга кескин жавоб қайтарди:

“Мени Месси билан солиштиришмоқда? Улар ошириб юборишган. Мени фақат эйфорияга берилган мухлисгина Лео билан солиштириши мумкин. Бу менга ҳеч қандай салбий таъсир ўктазмайди. Аслида ким эканлигимни жуда яхши биламан.”

Ален Ҳалилович

 

Аслида Ален иқтидор борасида Мессининг ёшлигидан сира қолишмас эди. 17 ёшида Хорватия терма жамаосида дебют қилган иқтидор эгасини ўзбек футбол мухлислари ҳам яхши хотирлашади. Ўз тенгқурларидан бир эмас, икки бош баланд футбол намойиш этаётган Ален ўзи истаганидек “Барселона” футболчисига айланди.

Каталонияга кўчиб ўтгач, муаммолар пайдо бўлишни бошлади. Мослашув жараёни чўзилиб кетгач, клуб уни ижарага бериб юборишни бошлади. “Гамбург”, “Лас Палмас”, “Спортинг” сингари клубларда тўп тепганига қарамай, Ҳалилович “иккинчи Месси” даражасига яқин ҳам кела олмади. Оқибатда, 2018-йилда уни “Милан”га сотиб юборишди. Бечора Аленни бутун Италия бўйлаб ижарада тўп суришни бошлаб юборганига анча бўлди.

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 03:51, 28.05.2020.
Ўқилди: 8053 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.