Миржалол Қосимов бошчилигидаги АГМК Суперлига рестартини Навоийда "Қизилқум"га қарши ўйин орқали тиклайди. Дўрмондаги қароргоҳда шуғулланаётган жамоа кеча икки маҳал машғулот ўтказди. Айни пайтда жамоа мураббийлар штаби футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклаш баробарида ўйин кўникмасини ҳам шакллантириш устида катта кўламдаги ишларни амалга оширишмоқда. Маълум дастур асосида шуғулланаётган жамоамиз куннинг иккинчи ярмидаги машғулотни анча қизғин руҳда олиб борди. Футболчилар дастлаб чигалёзди машқларни бажариб, кейинчалик 3 гуруҳга бўлинган ҳолда турли хил комбинацион машқлар орқали машғулотда ўзаро беллашишди.
Бош мураббий Миржалол Қосимов машғулотни тўлиқ назорат қилган ҳолда қизиқарли руҳда олиб борган бўлса, Александр Волков жамоанинг жисмоний ҳолати ва машғулот жараёнини ташкиллаштириб туришда жонбозлик кўрсатди. Ҳикмат Эргашев, Хайрулла Каримов ва Марат Ахмеров эса бевосита гуруҳларга бўлинган футболчиларнинг ҳаракатини назорат қилишди. Павел Бугало эса дарвозабонларни махсус дастур асосида алоҳида шуғуллантирди.
Бош шифокор Ислом Абаев ва ёрдамчи Элёр Камолов машғулотни тегишли санитария тартиб-қоидаларига мувофиқ ташкиллаштирилишини тиббий тарафлама назорат қилишди. Бош маъмур Руслан Шаймарданов ҳамда ёрдамчи Шерзод Юнусов машғулотларни юқори даражада ўтишини таъминлашган бўлса, массажчилар Абдулла Ризбоев ҳамда Нурбек Жўраев футболчиларнинг оёқ мушакларини чидамлилигини ошириш ва машғулотда бардош бериши учун тегишли ишларни бажаришди.
Жамоа оператори Шерзод Бойиров эса машғулотларни тасвирга олиш ва кейинчалик мураббийлар таҳлили учун тайёр ҳолатда келтириш учун ўз ишини ўтади. Шу тариқа АГМК жамоаси "Қизилқум"га қарши ўйинга тайёргарлик қисмидан ўрин олган навбатдаги машғулотни аъло кайфиятда якунлади.
Кичик жароҳати туфайли ўтган гал назорат ўйинларини ўтказиб юборган Элгужа Григалашвили эса умумий гуруҳ машғулотларига қайтди ва бўлажак баҳсга тараддуд кўрмоқда.