«Тоттенхэм» ярим ҳимоячиси Деле Алли Англия футбол ассоциацияси (FA) томонидан битта ўйинга четлатилди. Англиялик футболчи февраль ойида коронавирус билан боғлиқ қилган ҳазили учун шундай жазога тортилди.
24 ёшли ўшанда Snapchat орқали Хитроу аэропортидан видео жойлаганди. Аввалига камера қаршисида Осиё миллатига мансуб шахс пайдо бўлади, кейин эса Деле Алли пайдо бўлиб, ўзини антисептик дори билан даволаган шахс бўлиб, «бу вирусдан тезроқ ва осонроқ қутилиш керак”, деди. Орадан бироз ўтиб, Деле Алли ушбу видеони ўчириб ташлади ва барчадан кечирим сўради.
Футбол ассоциацияси, шунингдек, Деле Аллини 50 минг фунт стерлинг миқдорида жаримага тортиб, унга таълим курсини ўташ мажбуриятини юклади.
«FA'нинг қарорига жавобан мен яна бир марта ўз хулқим учун узр сўрашни истардим. Бу вирус ҳақидаги ёмон ҳазил бўлди. FA менинг ҳазилимни атайлаб қилинган ирқчиликка йўймагани учун миннатдорчилик билдираман. Биз қилаётган ишларимизни ва буни бошқалар қандай қабул қилиши мумкинлигини яхши англашимиз керак», — деди Деле Алли «Тоттенхэм» расмий сайтига берган интервьюсида.
Шу тариқа, ярим ҳимоячи АПЛнинг 30-тури доирасида «Манчестер Юнайтед»га қарши 19 июнь куни бўладиган учрашувни ўтказиб юборади.