Сўнгги 10 йил ичида АПЛ дунёнинг энг томошабоп чемпионати унвонини ҳеч кимга бермай келмоқда. Шундай бўлсада, бу биринчиликда тўп тепиш барча юлдузларга ҳам насиб этмаган. Бугун ана шундай футболчилардан ташкил топган ўзгача рамзий жамоани эътиборингизга ҳавола этамиз.
Дарвозабон. Оливер Кан
Аслида, Буффонни кутган бўлсангиз керак. Тўғри, Жижи бу таркибни безаб бериши мумкин, бироқ Кандаги харизма ва етакчилик АПЛ учун тамомила бегона. Бутун фаолиятини Германияда ўтказган киппернинг “туманли албион”даги саргузаштлари сўзсиз мухлислар ёдида абадий қолиши мумкин эди.
Ҳимоячилар. Лилиан Тюрам
Дани Алвесни бир четга суриб қўйганча, ўнг қанотга французни жойлаштирамиз. Европа ва ЖЧ ғолиби ўз даврининг энг кучли фулбекларидан бири эди. “Ювентус” ва “Барселона”дан сўнг, у билан бир нечта АПЛ клуби қизиққан бўлсада, футболчи Британия ороларига кўчиб ўтишни рад этади. Афсус, бу унинг фаолиятидаги энг ёдда қоларли воқеаларга сабабчи бўлиши мумкин эди.
Серҳио Рамос
Қўлга киритиш мумкин бўлган барча совринлар эгаси ва Мадрид клубининг юраги. “Реал” сардори ва клуб тарихидаги энг яхши ҳимоячи. Рамосни таърифлаш учун бир неча соат керак. Испаниялик футболчи билан “Манчестер Юнайтед” 4 бор алоқага чиққанига қарамай, Рамос кетишни истамади. 34 ёшли футболчи тез орада клуб билан янги шартнома имзолаши мумкин. Катта эҳтимол билан “ел-капитано” ҳам “туманли албион”да ўзини синаб кўра олмайди.
Фабио Каннаваро
Тўғриси, Италия ҳимоячилари мактаби битирувчисини АПЛда кўриш барча учун қизиқ бўлса, керак. Агар у ЖЧ ғолиби ва “олтин тўп” эгаси бўлса қизиқиш янада ортиши табиий. Атиги 175 см бўй эгаси бўлишига қарамай, ўйинни ўқиш борасида беназир ҳимоячи Англияда ўзини қандай намойиш этган бўлар эди? Афсуски, бу энди жавоби йўқ савол бўлиб қолади.
Роберто Карлос
Карлос ўзининг чап оёқдаги зарбалари билан футбол тарихидаги тирик афсоналар қаторидан ўзи учун жой нақд қилиб қўйган. У “Галактокис” сафида катта мусобақаларда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Кейин негадир Туркияга йўл олди. Ваҳоланки, унда инглиз клубларидан келиб тушган таклифлар ҳам етарлича эди. Нима ҳам дердик? Карлос АПЛ мухлислари учун яна бир ушалман орзуга айланиб қолади.
Ярим ҳимоячилар. Андреа Пирло
Ақл бовар қилмас узатмалар ва ўйинни нозик дид билан ҳис қилишни ўзидан жам қилган Пирло ҳам энг шиддатли чемпионатда ўзини синаб кўрмаганлардан. 2012-йилда ўтказилган Европа чемпионатида Англия дарвозасига паненко услубида гол киритган Пирло ҳар қандай чемпионатни безаб беришга қодир иқтидор эгаси эди.
Хави
Ярим ҳимоячидан 100 фоиз фойдаланиш учун тўп назоратини ҳуш кўрувчи клуб керак. Афсуски, бундай жамоа Хави бутсаларини михга илгачгина АПЛда пайдо бўлди.
Зайниддин Зидан
Зидан ўзидан кейинги авлод футболчиларини ҳам ҳайратда қолдираётган собиқ футболчи саналади. Ўзининг машҳурлик сари йўлини “Ювентус”да бошлаган Зидан ЕЧЛ финалидаги афсонавий голини киритиш учун “Реал” либосини кияди. Агарда, Сер Алекс Контанинг таъбига қарамасдан Зиданни сотиб олганида, балки айнан Зизу АПЛдаги барча замонлардаги энг кучли футболчига айланган бўлармиди?!
Ҳужумчилар. Роналдиньо
Роналдиньонинг АПЛда ўзини қандай тутиши, янги ўйин манераси ва иқлимга кўникиши борасидаги саволларни бир четга суриб ташланг! Аҳир қаршингизда шахсан Роналдиньо! Унинг “Стемфорд Бридж”да киритган голини эсланг! Ўйлашимизча, Рони ўзи истаганида АПЛ ни ҳам забт этиши мумкин эди.
Лионел Месси
Бундан бир неча йил аввалроқ Месси Гвардиола қўл остида “Сити” билан шартнома имзолаши мумкин эди, бироқ Лео Каталонияда қолишни авзал кўрди. Шундай бўлсада, Леонинг контактларга бой чемпионатда ўзини қандай тутиши кўпчиликда қизиқиш уйғотиши турган гап.
Роналдо
Ўз вақтида “Реал” сафида “Манчестер Юнайтед” дарвозасини “Олд Траффорд”да 3 бор ишғол қилган ҳужумчини ҳалигача “туманли албионда” яхши хотирлашади. Ёдингизда бўлса, “орзулар театри” “сўйлоқни” қарсаклар билан кузатиб қўйган. Шу сабабли, унинг АПЛда бемалол тўп тепишига шубҳамиз йўқ.
Алтернатив вариант:
Икер Касильяс — Филипп Лам, Карлес Пуйоль, Алессандро Неста, Паоло Мальдини — Кларенс Зеедорф, Андрес Иньеста, Кака — Роберто Баджо, Ромарио, Рауль.
Алтернатив вариант:
Джанлуиджи Буффон — Дани Алвес, Маттиас Заммер, Диего Годин, Хавьер Дзанетти — Микаэль Лаудруп, Луиш Фигу, Павел Недвед — Алессандро Дель Пьеро, Франческо Тотти, Габриэль Батистута.