«Ростов» клуби раҳбарияти Россия чемпионатининг 23-тури доирасида бўлиб ўтган «Сочи»га қарши учрашув такроран ўтказилишини истамоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ўйин арафасида «Ростов»нинг 6 нафар футболчисида коронавирус аниқланди. Натижада жамоанинг барча аъзолари икки ҳафталик карантинга юборилди. Ростовликлар учрашувнинг бошқа муддатга кўчирилишини исташган эди, аммо «Сочи» бунга рад жавобини берди. Натижада «Ростов» бу ўйинга академия тарбияланувчиларини юборишга мажбур бўлди. Ўйин эса мезбонларнинг 10:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Москванинг «Динамо» клуби ҳам шундай ҳолатга тушиб қолди. Жамоанинг 3 футболчиси коронавирусга чалингани аниқлангани учун 21 июнь куни ўтказилиши керак бўлган ўйин рақиб — "Краснодар"нинг розилиги билан бошқа муддатга кўчирилди.
Ўхшаш ҳолатга нисбатан икки хил ечим жуда кўп мухлислар ва мутахассисларни ҳайрон қолдирмоқда: «Сочи» — «Ростов» ўйини ўтказилди, «Краснодар» — «Динамо» баҳси кўчирилди.
Sport24 тарқатган хабарга кўра, «Ростов» раҳбарияти «Сочи»га қарши учрашув такроран ўтказилишига эришмоқчи.