Хабарингиз бор, 2018 йилда жамоамизга келиб қўшилган легионерлардан бири Вячеслав Сушкин кўп ўтмай жамоани тарк этган ва ФИФАга даво аризаси билан чиққан. Узоқ давом этган бу можаро натижасида ФИФА "Нефтчи"га нисбатан ўзининг қарорини чиқарган. Қарорга асосан "Нефтчи" ФК ни В.Сушкин олдидаги қарзларини тўлалигича бартараф этмагунча навбатдаги учта трансфер ойнасида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этган. Лекин жамоамиз ҳомийлари ва раҳбариятининг самараси ўлароқ бу муаммо ижобий ҳал этилди. Вячеслав Сушкинга белгиланган маблағ миқдори тўлалигича ҳисоб-китоб қилинди ва унинг олдидаги қарздорлик масаласи ҳал бўлди. Ўз навбатида, Вячеслав Сушкин "Нефтчи" ФКга ҳеч қандай эътирози йўқлиги борасида расмий хат билан чиққан.
Карантин сабабли мамлакатимизда барча футбол мусобақалари тўхтатилганлиги боис, Про лига жамоалари ҳам тайёргарликни давом эттиришмоқда. Шу жумладан, "Нефтчи" жамоамиз ҳам чемпионат рестартига тайёргарликни ўз қароргоҳларида қизғин давом эттирмоқдалар. Трансфер ойнаси очилиши билан "Қўқон-1912" да ижара асосида ўйнаган футболчимиз Шодиёр Ҳожиматов қадрдон жамоасига қайтиб, машғулотларда қатнашмоқда.
Жамоанинг собиқ моҳир ўйинчиси Павел Смоляченко ҳам ҳужжатлари охиригача расмийлаштирилди ва у ҳам жамоа билан бирга тайёргарлик олиб бормоқда. Айтиб ўтиш жоизки, жамоа кўригида яна бир қатор иқтидорли футболчилар иштирок этишмоқда. Улар орасида "Бунёдкор" U-18 ёшлар жамоаси ҳамда Ўзбекистон U-19 терма жамоасининг вакили Жалолиддин Содиқов ҳам бор. Ундан ташқари жамоа яна бир нечта футболчилар билан музокаралар олиб бормоқда. Бу хақда кейинроқ маълумот бериб борамиз.
"Нефтчи" матбуот хизмати