Суперлига 11-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Машъал” (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида “Машъал” мураббийи Дилявер Ваниев журналистларнинг саволларига жавоб берди. Ўйин ҳақида у қуйидаги фикрларни билдирди.
-Бугунги ўйин жуда яхши ўтди. Бизда ҳам, рақибда ҳам вазиятлар бўлди. Ўйлашимча, бугун биз ҳақли равишда ғалаба қозондик. Боиси, хавфли вазиятларни наманганлиикларга қараганда, жамоамиз кўпроқ юзага келтирди.
Тўғри, 2-бўлимда “Навбаҳор” босим уюштирди, ҳужумлар ташкил этди, аммо яққол голли вазият кўзга ташланмади.
Ўз жамоамиз борасида тўхталадиган бўлсам, биринчи бўлимда йигитлар иккита гол уришлари керак эди. Футболчиларни бугунги ғалаба билан табриклайман.
Энди бугунги ўйинни унутамиз ва 4 кундан сўнг бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашувга тайёргарлик кўрамиз.
- “Навбаҳор” таркиб борасида “Машъал”дан кучли. Рақибнинг ўйинини яхшилаб ўрганларинг ҳисобига ушбу баҳсда зафар қучишга муваффақ бўлдингларми?
- “Навбаҳор”ни таркиб бўйича ким жамоамиздан кучли деб ҳисоблайди? Мутахассисларми? Улар нима деб ўйлашса ўйлайверишсин, мен учун “Машъал” футболчилари энг кучли.
“Навбаҳор”ни камситмайман, тўғри, наманганликлар сафида малакали футболчилар кўп, терма жамоа аъзолари ҳам бор. Аммо мен ўз футболчиларимизни кучлироқ деб биламан.
Албатта, мазкур баҳсдан олдин наманганликларнинг ўтган турда “Сурхон”га қарши кечган ўйинларини кўриб, ўрганиб чиқдик. Бугун “Навбаҳор” таркибида ўтган баҳсга қараганда, айрим ўзгаришлар бўлди. Ўнг қанотда Ҳошимов ўйнамади, ўтган ўйинда икки нафар ҳужумчи ўйнаганди.
Умуман олганда, футболчилар мураббийлар штабининг тактик ва амалий кўрсатмаларини тўлиқ бажаришди.
Тўғри, баъзи вазиятларда йигитлар хатога йўл қўйишди. Лекин футбол хатосиз бўлмайди.
- “Машъал” олдинги ўйинларда ҳам кўплаб хавфли вазият яратса-да, улардан фойдалана олмасди.Бугунги учрашувда ҳам шундай ҳолат кузатилди. Бу нима билан боғлиқ
- Ҳисобда олдинга чиқиб олганимизда, йигитлардан тўлиқ ҳимояга ўтиб олмасликларини сўрадим. Балки бунга “Навбаҳор” бизни мажбур қилгандир. Таркибимизга ижарадаги икки нафар футболчи қайтди. Улар “Машъал” академияси тарбияланувчилари ҳисобланишади. Улар жамоанинг ҳужумини кучайтиришди.
Яна бир марта таъкидлайман, мен учун ўз футболчиларимиз кучли ҳисобланишади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.