Тўғри, пандемия даврида Миллатлар Лигаси турнири кўпчиликка малол келмоқда. Баъзи футболчилар узоқ давом этган мавсумдан тикланиб олишга улгурмасдан жавоб олишмоқда, баъзилар янги клублари билан шартнома имзолагани кетишган, баъзиларда вирус...
Лекин шундай бўлса ҳамки, Европа чемпионати ўтказилмаган мавсумда терма жамоалар иштирокидаги қандайдир ўйинни кўриш иштиёқи бор одамда. Шахсан менга бугун Флоренциядаги “Артемио Франки” ўйингоҳида сафланадиган Италия ва Босния термасининг ҳолати қизиқ. Болқонликлар таркибида жиддий йўқотишлар борлиги учун – Джеко ўтказиб юбориши мумкин, Пьянич жавоб сўраган – кўпроқ скуадро адзурранинг янги авлоди билан жиддий танишиб чиқиш ниятим бор.
“Интер” вакили Бастони, “Сассуоло”дан икки дебютант – Локателли ва Капуто А сериянинг шу йилги кашфиётлари эмасми? Кўриш завқли эмасми мавсум тақдим этган янги номларни?!
33 ёшида терма жамоaдан таклиф олган Франческо Капуто йиғлаб интервью берди: “Скуадро адзурра доимги орзум бўлган, лекин чақиришларига ишонмаганман. Ҳозирги аҳволимни тушунтириб бера олмайман. Қисқача айтсам, дунёнинг энг бахтиёр одами менман!”
Жоржо Кьеллинини ҳам узоқ танаффусдан сўнг кўришимиз мумкин бугун. Афсус, “Милан”га ўтаётган Тонали ва “Ювентус” вакили Бернардески жароҳат олгани боис, ўйинда қатнаша олмайди.
Босния ва Герцоговина термаси устози Баевич бу жамоада илк ўйинини ўтказади. Олдинги мураббийларга қараганда анча қаттиққўллик кўрсатган мутахассисни ватанидаги кўпгина агент ва менежерлар термага олинмаган мижозлари учун суймасликларини, иложи бўлса, Флоренцияда мағлубиятга учрашини кутишаётганини ўқигандим. Босния матбуоти эса, унинг дебюти омадли чиқишини истамоқда. Шоядки, “қора ишлар”га барҳам берилса, деган маънода.
Кўряпсизми, ҳозирда “оғирлиги тушаётган” турнирдан ҳам яхшигина интрига ва мотивация топсак бўлади. Соат 23:45 да бошланадиган Италия – Босния ўйинини Футбол ТВда биргаликда томоша қилишга таклиф этаман.