Швейцария ҳамда Германия терма жамоалари ўртасида ўтадиган бугунги ўйин ҳар томонлама қизиқ.
Бу юрт вакиллари охирги бор саккиз йил бурун ўртоқлик ўйинида учрашишган ва унда 5:3 ҳисобида “банклар юрти” ғалаба қозонган эди. Катта турнирга тайёргарлик кўраётган Иоахим Лёв доимгидек эксперемент ишларида қовун тушириб қўйган: Янги ҳимоячилар ва янги посбон хатоларга йўл қўйиб, Швейцариянинг ажойиб ғалабасига замин ҳозирлаганди.
Ҳозирда немисларда у таркибда фақат Гюндоган ва Дракслер қолган. Мезбонларда фақат Гранит Жака ўша таркибдан. 2012 йилнинг оқшомида тер Штеген дарвозасига хет-трик йўллаган Эрен Дердиюк ҳозирги кунда “Пахтакор”да. Владимир Петковичга керакмас ҳолга тушиб улгурган. Фақат Дердиюкмас, қолган “қаҳрамонлар” ҳақида шундай гаплар – уларнинг аксари бугун катта футболда эсланмайдилар.
Германия алам олишига ишонсак бўлади. Шакири, Меҳмеди, Закариа ва Шернинг бугунги баҳсни ўтказиб юбориши швейцарияликларга қимматга тушиши мумкин.
Лёв йигитлари қандай важоҳатда ўйнашларини биламиз. Саккиз йил олдинги алам майли, Испания билан ўйиндаги сўнгги сонияларда ўтказиб юборилган гол ҳам уларнинг кайфиятига жиддий таъсир ўтказган. Ўйин арафасида “айбим шуки, учраб қолдинг қорним очганда” деган гапни ишлатмасак бўлгани...
Аммо шунча гап-сўздан кейин ҳам Швейцария матбуоти: “Охирги пайт немислар у қадар қўрқинчли эмас, бунинг устига бу ўйинда жаҳон юлдузлари – Нойер, Киммих, Горецка ва Гнабрига умид боғлай олмайди. Нима учун таваккал қилмаслигимиз керак?” деб ёзмоқда. Ростан ҳам нима учун тенгма тенг ўйин кўрсатиб, Украинадан учралган мағлубият тасодифлигини исботлаш мумкин эмас?!
Зўр ўйин. Бирга кўрамиз. 23:45дан бошлаб Узрепорт каналида!
Хайрулла Ҳамидов.