Хабарингиз бор, ёзги трансфер ойнасининг сўнгги кунида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ўз таркибига тожикистонлик ярим ҳимоячи Эҳсони Панчшанбени қўшиб олганди.
Панчшанбе 3 сентябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон - Тожикистон терма жамоалари (ушбу ўйинда терма жамоамиз 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганидан хабарингиз бор) ўртасидаги учрашувда тожикистонликлар сафида майдонда тўлиқ – 90 дақиқа ҳаракат қилди ва терма жамоадаги шериги Зоир Жўрабоевнинг голига ассистентлик қилди.
Шундан сўнг, 5 сентябрь куни Тошкентда тиббий кўрикдан ўтган футболчи кеча тунги соат 22:00ларда жамоамиз қароргоҳига етиб келди ҳамда бугун “Навбаҳор” билан илк машғулотини ўтказди.
Жамоамизнинг янги аъзоси тўғрисида тўлиқ маълумот берадиган бўлсак, Эҳсони Панчшанбе 1999 йилнинг 12 май куни Тожикистонда туғилган.
Футболчилик фаолиятини 2016 йили бошлаб, ўша йилги мавсумнинг 2-даврасидан “Навбаҳор” таркибига қўшилгунга қадар, Душанбенинг “Истиқлол” жамоасида ўйнаган.
Эҳсони “Истиқлол” сафидаги фаолияти давомида Тожикистоннинг 4 карра чемпиони (2016-2019 йиллар) бўлган, Тожикистон кубоги (2016, 2018 – 2019 йиллар) ва Суперкубогини (2017-2020 йиллар) 3 мартадан қўлга киритган.
Эҳсони Панчшанбе 2018 йили, яъни 19 ёшида Тожикистоннинг энг яхши футболчиси деб топилган.
Панчшанбе фаолияти давомида Тожикистон ёшлар терма жамоаси таркибида ўйнаган ва мазкур терма жамоа билан сардор сифатида Осиё чемпионатида қатнашган.
Айни пайтда эса Тожикистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳамда шу кунгача терма жамоа таркибида 20та ўйинда майдонга тушган.
Маҳоратли ярим ҳимоячи “Навбаҳор” билан 2,5 йиллик шартнома имзолади.
Биз Эҳсони Панчшанбенинг жамоамиз таркибидаги фаолияти муваффақиятли кечиши, чиройли ўйинлари ва голлари билан “Навбаҳор”нинг зафарларига муносиб ҳиссасини қўшишига тилакдошмиз.