Бутун дунёда ҳукм сураётган СОВИД-19 пандемияси футбол спорт турига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Шу сабабдан ОФК қитъа миқёсидаги мусобақаларни юқори савияда ўтказиш ва жамоаларнинг катта мусобақаларга етарлича тайёргарлик кўришини таъминлаш мақсадида мавжуд вазиятни ўрганиб чиқаётган эди.
Бугун Осиё Футбол Конфедерацияси Куала Лумпурдаги бош қароргоҳда расмий йиғилиш ўтказди. Унда U19 ва U16 Осиё чемпионатларининг 2021 йил бошида ўтказилиши маълум қилинди.
Футзал бўйича БАА мезбонлигида ўтиши режалаштирилган клублар ўртасидаги Осиё чемпионати бекор қилинди.
Шунингдек, Қувайтда бўлиб ўтиши режалаштирилган Футзал бўйича Осиё чемпионати жорий йилнинг 2-13 декабрь кунлари бўлиб ўтиши хабар қилинди.
Бундан ташқари, йиғилишда Осиё Чемпионлар Лигаси янги тақвими масаласида ҳам сўз борди. Унга кўра, шарқий минтақада учрашувлар 15 ноябрдан 13 декабргача бўлиб ўтади. Финал учрашуви эса битта учрашувдан иборат бўлган ҳолда ғарбий минтақада 19 декабрь куни бўлиб ўтади.
Осиё Футбол Конфедерациясининг келгуси мусобақалар учун эълон қилган тақвими:
Осиё чемпионлар лигаси / Шарқ Минтақаси
15 ноябрь - 13 декабрь
U19 Осиё Чемпионати
2021 йил аввалида
U16 Осиё чемпионати
2021 йил аввалида
Футзал бўйича Осиё чемпионати
2-13 декабрь
Клублар ўртасидаги футзал бўйича Осиё чемпионати
бекор қилинди