Про лига 6-турининг марказий учрашувида «Динамо» жамоаси турнир пешқадамларидан бири «Турон» клуби устидан устидан муҳим ғалабага эришди. Ўйиндан кейин Самарқанд жамоаси бош мураббийи Сергей Лушчан баҳс борасидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Аввалги ўйинларимиздек бу баҳс ҳам анча қийин ўтди. Биз вазиятимиздан фойдаланиб гол урдик, рақиб эса йўқ. Ўйлаган ва режалаштирган ишларимизни қисман бажардик. Ҳимояда ҳам рақибга айтарли имконият бермадик. Бу ўйинда биз асосан стандартларга катта эътибор қаратгандик, бу борада қатор имкониятга ҳам эга бўлдик. Стандарт вазиятлар бизнинг устунликларимиздан бири, бундан фойдаланишимиз шарт эди. Иккинчи бўлимдаги ўзгаришлар ўйинимизга таъсир қилди. Очиғини айтсам, охирги вазиятлардан биригача «инфаркт» бўлишимга сал қолди. Йигитларга жиддий эътирозим йўқ.
Умуман олганда эса ўйиндан ҳам, натижадан ҳам қониқдим. Чунки бугун ўйинни ҳимоядан қуришга интилдик. Сабаби «Турон» ҳужумкор жамоа эди, айниқса қарши ҳужумларда тезкор эди. Аммо футболчиларимиз уларга қанотларда ҳам, марказда ҳам деярли имконият беришмади. Ҳа, хатоларимиз бор, буни муҳокама қиламиз. Ҳозирча биз учун асосийси натижа. Жамоамдан чиройли ўйин талаб қилишимга ҳали вақтли.
Жаҳонгир Аҳмадов, Суҳроб Нуруллоев, Ойбек Нурматов, Азамат Алланиёзовнинг захирадан туширилиши? Ҳа, бу ҳам иккинчи бўлимдаги режаларимиздан бири эди. Чунки жамоанинг аксарият чизиқлари 70 дақиқадан кейин баҳс бошидагидек ўйин намойиш эта олмаслиги маълум эди. Биз таркибда ўзгаришлар қилишда давом этамиз. Ўзгаришлар самара берди ва якунда ғалаба қозондик.
«Шўртан» билан ўйинимиз? Бирорта ўйинимиз йўқки, бизга осон бўлган бўлса. Ҳар бир баҳсда катта куч ва улкан меҳнат эвазига ғалаба қозонаяпмиз. Ишлашда ва мақсад сари олға боришда давом этамиз.