Кеча Италиянинг Рим шаҳрида енгил атлетика бўйича “Бриллиант лига” мусобақасининг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Аҳамиятлиси, унда эркаклар ўртасида лангарчўпга таяниб сакраш йўналишида швециялик Арман Дюплантис украиналик афсонавий Сергей Бубканинг рекордини янгилади.
1994 йил Сергей Бубка очиқ ҳаводаги мусобақаларда 6.14 метрдан сакраб ўтган ва 26 йил давомида ҳеч ким бу натижани янгилай олмаётган эди. Кеча тунда 20 яшар Дюплантис ушбу рекордни 1 смга янгилади.
“Арманни менинг рекордимни янгилагани билан чин қалбимдан табриклайман! Ажойиб натижа! Унинг ота-онаси, ўзи ва енгил атлетика учун хурсандман. Спортда у каби ёшлар етишиб чиқмоқда. Келажакда Арманга янада баланд марраларни забт этишини тилаб қоламан”, – деди Сергей Бубка.
“Ва ниҳоят, янги жаҳон рекорди! Бу жуда ажойиб! Мен бу баландликка сакрашни жуда хоҳлаган эдим. Сўнгги пайтларда кўпчилик бу ҳақида гапирар ва менинг елкамда шу миш-мишларнинг юки турар эди. Тушундимки, одамлар мендан қачон рекордни янгилайсан, деб доим сўрайвермасликлари учун бу ишни қилишим керак бўлди. Келаси ҳафта Дохадаги босқичда ҳам бу натижани яхшилаб кўришга ҳаракат қиламан. Ана ундан кейин ҳордиқ чиқариб, бу натижамни байрам қиламан”, – деди Арман Дюплантис.
Эслатиб ўтамиз, Дюплантис жорий йилнинг февраль ойида ёпиқ иншоотлардаги мусобақаларда ҳам жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлган эди (6.17 м).