Бутун дунёда карантин талаблари юмшатилгач секин-аста йирик спорт мусобақалари ҳам ўтказила бошланди. Жумладан, келаси ҳафта Париж шаҳрида “Роланд Гаррос” номини олган Франция очиқ чемпионати старт олади. Кўплаб спорт мухлислари, айниқса, теннис ишқибозлари қачон Денис Истомин кортда кўриниш беради, деб қизиқишаётгани табиий. Бу борада мухлисларга янгилик сифатида шуни айтишимиз мумкинки, юртимизнинг биринчи рақамли ракеткаси “Роланд Гаррос” турнирида иштирок этади. Қуйида Истоминнинг Ўзбекистон теннис федерацияси матбуот хизматига берган интервьюсини ҳавола қиламиз:
“Ҳа, ҳақиқатан ҳам, узоқ вақтдан бери биринчи марта мусобақада иштирок этаман ва бу бирдан “Роланд Гаррос” бўлади. Кеча мен Парижга етиб келдим ва коронавирусга кўплаб таҳлиллар топширишга тўғри келди. Дастлаб, кетишимдан олдин Тошкентда тест топширдим. Бундан ташқари, келганимдан сўнг, яна тест бўлди. Кейин натижаларни кутиш учун мени 24 соат давомида меҳмонхонада ушлаб туришди.
Тест таҳлили «манфий» чиққанидан кейингина “Филипп Шатрие” теннис кортига бориб, машғулотларни бошладим. Энди аккредитациядан ўтишим ва бошқа тайёргарлик ишларини бажаришим мумкин. Синовнинг «ижобий» жавобини олганларни эса 7 кундан 14 кунгача карантинга олишади. Аммо бу ҳаммаси эмас … Етиб келганидан кейин «салбий» жавобни олган ўйинчилар саралаш ўйинларига кириш учун бугун коронавирусга қарши яна қайта тест топширишади. Кейинги ҳафтадан бошлаб эса баҳслар бошланади. Умид қиламанки, ҳамма таҳлилларим «салбий» бўлади ва душанба куни кортга чиқаман. Узоқ танаффусдан сўнг яна фаолиятимни давом эттираман!», – деди Денис Истомин.