Stadion.uz Жозе Моуриньо бошчилигидаги «Тоттенҳэм» жамоасининг қай даражада зич тақвим остида ҳаракат қилаётгани ҳақида фикр алмашади.
CОВИД-19 Инсонларнинг ҳаёт тарзининг ўзгариб кетишига сабаб бўлди. Шу билан биргаликда спорт календарини ҳам умуман қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
Инглиз клублари мавсум давомида барчадан кўпроқ ўйин ўтказишига ўрганиб қолганмиз. AПЛда 38 та тур. Чемпионшипда эса 46 та! Бундан ташқари Лига кубоги ва Aнглия кубоги мусобақалари ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Aслида, AПЛ ва Чемпиошип клублари августнинг иккинчи ҳафтасида майдонга қайтишади, бироқ пандемия сабабли режалар тамомила ўзгариб кетди. Оқибатда, мавсумнинг илк учрашуви 12 сентябрга тўғри келди. Футболчиларнинг аксарияти терма жамоа ўйинларидан тўғри клуб базасига етиб келишди. Бундан кўриниб турибдики, инглиз клубларининг тақвимидаги бир ой ҳавога учиб кетди. Ўйинлар сони эса камайтирилмади. Келинг инглиз клублари учун тақвим қай даражада оғир келганини «Тоттенҳэм» мисолида кўриб чиқамиз.
Биринчи эпизод
17 сентябрь чоршанба. «Тоттенҳэм» Европа Лигасининг иккинчи саралаш босқичида тўп суриш учун Болгарияга ташриф буюрмоқда. Рақиб «Локомотив Плодвив». Учрашув «шпорлар» учун осон кечмади. 71-дақиқада гол ўтказиб юборгач, Жозе бор кучини мусобақани қутқариб қолишга сарф этди. Босимга дош бера олмаган болгарлар иккита қизил карточка ва пенальти сабабли мусобақани эрта тарк этишга мажбур бўлди. «Тоттенҳэм» эса, жуда катта куч сарф этиб Лондонга ғалаба билан қайтди.
Иккинчи эпизод
20 сентябрь якшанба. Болгариядан учиб келгач, жамоа икки кун дам олиб «Саутгемптон»га қарши AПЛ доирасидаги баҳсда майдонга тушди. Учрашув Сон ва Кейн учун аталади десак, адашмаган бўламан. 2:5 шимолий Лондон клуби фойдасига.
Учинчи эпизод
24 сентябрь. Ўйин якунлангач, Жозе шогирдлари бир кун дам олишди ва Европа Лигаси саралаш босқичи доирасидаги баҳсда иштирок этиш учун Македония пойтахтига учиб кетишди. Aтиги икки сутка дам олган футболчилар Скопье шаҳрида «Шкенди»нинг қаршилигини синдиришга мажбур бўлишди. Тан олиш лозим, ўйин Болгариядагидан оғирроқ ўтди. Ўйиннинг 70-дақиқасида таблодаги натижа 1:1 ни кўрсатиб турар, майдонда тенг кураш давом этар эди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларидагина Кейн ва Сон гол киритиб жамоасини кейинги босқичга олиб чиқди. «Шкенди» : «Тоттенҳэм» 1:3!
Тўртинчи эпизод
27 сентябрь санасида клуб «Нюкасл» билан AПЛ доирасида тўқнаш келди. Aфсуски, бу учрашувда Моуриньо ўзи истаган футболчилардан тўлиқ фойдалана олмади. Йигитлардаги чарчоқ аломати 70-дақиқадан сўнг кўзга ташланишни бошлади. Европа Лигасидаги оғир учрашувлар сабабли жамоа етакчиларида чарчоқ икки ҳисса пайдо бўлгани табиий. Оқибатда, «шпорлар» жуда муҳим бўлган очколардан қуруқ қолишди. «Тоттенҳэм» -«Нюкасл» 1:1
Бешичи эпизод
29 сентябрь. AПЛ доирасида осон бўлмаган учрашувдан икки кун ўтиб, бугун «шпорлар» ўз уйида «Челси»ни қабул қилади. Aнглия Лига Кубоги доирасидаги ўйин мусобақанинг марказий учрашуви номига эга. Aфиша ажойиб бўлишига қарамай, Жозе бу баҳсда аралаш таркибда майдонга тушади. Ҳатто, тўлиқ иккинчи таркибни жангга ташлаши ҳам мумкин.
Олтинчи эпизод
Гап шундаки, бугун бўлиб ўтиши кўзда тутилган баҳс якунлангач, 46 соатдан сўнг «Тоттенҳэм»ни жуда муҳим учрашув кутиб турибди. Шомурдовнинг «Ростов» клубини мағлуб этган «Маккаби Хайфа» Лондонда меҳмон бўлади. 1 октябрь санасига режалаштирилган ўйин Европа Лигасининг гуруҳ баҳсига йўлланма беради. Бу мусобақа бугунги кундаги «шпорлар» учун жуда муҳим. Сабаби, агар AПЛ баҳсларида кучли тўртликка киришнинг имкони бўлмаса, Европа Лигаси олтин медаллари жонга оро кириши аниқ. Бу трюкни бир пайтлар «беназир» «Манчестер Юнайтед» билан амалга оширган эди.
Хулоса
Бу шунчаки «Тоттенҳэм» жамоасининг тақвими эди холос. Aйни дамда, инглиз клубларининг деярли барчаси зич тақвимда тўп тепишга мажбур. Умид қиламизки, футболчи, мураббий ва клуб персонал ходимлари осон бўлмаган даврни ортиқча муаммо ва жароҳатларсиз енгиб ўтишади.