Фарғонанинг “Истиқлол” футбол клуби стадион билан боғлиқ масала ижобий ечим топмаганидан келиб чиқиб, Про лига мусобақасидан чиқиб кетиш борасида расмий хат йўллади. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бу ҳақда маълумотнома тайёрлаб, уни ЎзПФЛ Ижроқўмига киритди.
Бу вақтда “Истиқлол” футбол клуби ўз сафида тўп сурган футболчиларнинг бошқа клублар билан шартнома имзолашига қаршилик кўрсатмади. Пандемия даври барча учун ноқулайликлар туғдираётганидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ футболчилар ишсиз қолмаслиги учун уларнинг шартномаларини янги клублари учун рўйхатдан ўтказди.
Бу жараёнлар фонида ЎзПФЛ Фарғона вилояти ҳокими ҳамда “Истиқлол” футбол клуби таъсисчилари билан музокара ўтказди. Жамоанинг хусусий экани, бир неча йиллардан буён қуйи лигада муаммоларсиз иштирок этиб келаётганидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ “Истиқлол”ни сақлаб қолишдан, шунингдек, эндигина олдинга силжиётган Про лига турнир жадвали ўзгаришсиз қолишидан манфаатдор эканлигини билдирди.
Айни вақтда “Истиқлол” стадиони билан боғлиқ масала юзасидан оғзаки келишувга эришилган. Ишлар расмий мақомга кўчгунига қадар ЎзПФЛ турнир жадвалига ўзгартириш киритмайди. Шунингдек, ЎзПФЛ Ижроқўми вакилларининг “Истиқлол” футбол клубининг мусобақадан чиқиб кетиши борасидаги баёнини тўлиқ имзолатишга шошилинмайди.
ЎзПФЛ “Истиқлол” футбол клуби иштирокидаги кечиктирилган икки учрашувни 14-турга қадар ўтказиб олиш режасини ишлаб чиққан ва бу борада Про лига клублари вакиллари билан келишувга эришган. Ташкилот бу борадаги кейинги маълумотларни ўз вақтида тақдим этиб боради.