"Истиқлол" марказий стадионида Про лиганинг 14-тур баҳсида Фарғона дербиси бўлиб ўтди. Унда "Нефтчи" ҳамда "Турон" клублари кураш олиб бордилар.
Ўйин бошланишига ҳеч қанча вақт ўтмасдан, мухлислар тезкор голга гувоҳ бўлишди.Яйпанликлар жарима майдонимиз ташқарисида тўпни тепадан ошириб беришганида,тўпни меҳмонлар футболчиси Суннатилло Эрматов чиройли тарзда дарвозамиз томон йўллаб, ҳисобни очишга эришди — 0:1. Кўп ҳолларда тезкор гол рақиб жамоага салбий таъсир кўрсатиши табиий ҳол. Бундан нефтчилар ҳам истисно бўлишмади шекилли, уларнинг биринчи бўлим охиригача уюштирган барча ҳужумлари самарасиз якунланди.
Иккинчи бўлимда жамоамиз мураббийлар штаби бир қатор ўзгартиришларни амалга оширишди ва майдонга тажрибали футболчиларимиздан Мансуржон Саидов, Исломбек Каримов ва Элдор Эргашев кириб келишди. Айтиб ўтиш жоизки,ўйин сурати анча жонланиб,жамоамиз бир нечта хавфли ҳужумларни юзага келтирди. Аммо, якуний зарбаларга келганда ноаниқликлар тақиб қилишда давом этди ва бир-иккита вазиятда омад ҳам юз ўгирганини айтиб ўтиш мумкин. Учрашув охирлаб бораётганда эса анчадан бери майдонда кўринмаган иқтидорли футболчимиз Санжарбек Зокиров захирадан майдонга туширилди. Бу пайтга келиб бош ҳакам ўйиннинг асосий қисмига 3 дақиқа вақт қўшиб берди. Буни қарангки,айнан 3-4 дақиқа майдонда ҳаракат қилган Санжарбек чиройли уюштирилган комбинацияни гол билан нишонлаб, ўйиндаги мувозанатни тиклашга эришди — 1:1.
Кескин ва шиддатли курашларга бой ўтган баҳсда жанговар дуранг қайд этилди.
Про лига, 14-тур
"Нефтчи" - "Турон" - 1:1 (0:1)