Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Бергамода услублар тўқнашуви. ”Аталанта” -”Ливерпуль”(превью)

Баҳо:
+ | -

ЕЧЛ бу йилги мавсумининг энг ёрқин учрашувларидан бири бўлиши кутилаётган баҳс бугун Бергамода бўлиб ўтади. “Аталанта“-“Ливерпул“ жамоалари ўртасидаги учрашувни кўпчилик кутаяпти. “Аталанта“ ўзининг ҳужумдаги ёрқин ўйинлари билан анчагина ном қозонган бўлса ҳам ҳимояси ҳақида керилиб мақтанолмайди. Айнан юқоридаги таърифни бугунги кундаги Клооп шогирдларига ҳам ишлатса бўлади. Жамоалар ўз чемпионатларида 17 бор рақиб дарвозасини ишғол қилган, ўз дарвозаларидан “Ливерпуль“ 15, “Аталанта“ эса 13 гол ўтказиб юборишган. Мерсисайдликлар гуруҳдаги дастлабки 2 учрашувни ўз фойдасига ҳал қилиб, биринчи ўринда боришяпти. Бергамо клубида эса 1 ғалаба, 1 дуранг ва 2-ўрин.

Мухлислар бу учрашувда кўп гол бўлишини таҳмин қилиши мумкин, лекин жамоалар бир-бирининг кучли томонларини билган ҳолда ёпиқ ўйин кўрсатиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. “Аякс“ ва “Ливерпуль“ учрашувида ҳам голлар шоуси бўлиши кутилганди, аммо якун қандай бўлгани ҳаммага маълум. Бу жамоалар ўз тарихларида бирон марта ҳам ўзаро учрашувларда майдонга чиқишмаган. Бу ҳолатни Италия клуби халқаро майдонларга эндигина кириб келаётгани билан изоҳлаш мумкин.“Ливерпуль“нинг Италияга қилган охирги икки учрашувида қониқарсиз натижа қайд этилганди. Шундан келиб чиқса бўладики, бугун майдонда тенгма-тенг ўйин гувоҳи бўламиз.

“Аталанта“

Жамоанинг сўнгги учрашувларига эътибор қаратар эканмиз, Гасперини Италияда Скудетто учун кураш олиб бормаётганига гувоҳ бўламиз. Асосий эътибор Чемпионлар лигасига қаратилган. ЕЧЛдаги 1-тур учрашувидан олдин “Наполи“ меҳмони бўлган жамоа ҳеч қандай қаршиликсиз мағлуб бўлади. Даниянинг “Митюлланд“ клуби устидан қозонилган ғалабадан кейин ўз майдонида “Сампдория“га қарши деярли иккинчи таркиб билан ўйнайди,бунга сабаб эса футболчиларни “Аякс“ билан ўйинга асраш эди. Сўнгги учрашувда дебютант “Кротоне“ майдонига сафар қилган бергамоликлар 1:2 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишди. Бир қарашда бугунги “Аталанта“га ярашмайдиган ҳисоб, шундай эмасми?

Гасперини учрашувга ўзининг энг ишонган таркиби билан етиб келолмади. Госенс, Мартен де Рон, Калдара, Хатебур,Толои бу номларнинг барчаси асосий таркибдан жой олиши мумкин бўлган футболчилар, лекин улар жароҳатлари туфайли бу баҳсни ўтказиб юборишади. Ҳимоя чизиғидаги йўқотишлар бергамоликларга қимматга тушиши мумкин. Ҳимояда йўқотишлар бўлса ҳам ҳужум чизиғидаги футболчилар учрашувга шал ҳолатда етиб келишмоқда. Дуван Сапата, Алехандро Гомес ва Луис Муриеллар жорий мавсумда олдингисиданда сермаҳсул ўйин намойиш қилмоқда.Анча вақт майдонга тушмаган Ёсип Иличич ҳам жамоага ёрдам бериши мумкин.

Тахминий таркиб: Спортиелло, Калдара, Паломино, Жимсити, Депаоли, Пашалич, Фройлер, Мохика, Гомез, Иличич,Сапата.

"Ливерпуль"

Чемпионатда пешқадамликни яна қўлга олган Юрен Клооп жамоаси АПЛ доирасидаги охирги учрашувини ўз майдонида Лондоннинг “Вест Ҳем“ига қарши ўтказди ва минимал 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашув мерсисайдликлар учун осон кечмади биринчи бўлиб гол ўтказиб юборгач, катта қийинчилик билан ҳисобни ўз томонларига оғдиришга муваффақ бўлишди. Сўнгги учрашувларда жамоага анча мослашиб қолган Жота ғалаба голига муаллифлик қилди ва катта эҳтимол билан “Аталанта“ билан ўйинда асосий таркибда майдонга тушиш учун чипта ютиб олди.

Кадрлар билан бўлган муаммо Клоопни ҳам четлаб ўтмайди. Жамоанинг энг асосий футболчиси, дея қараладиган Ван Дейк жароҳатда унинг ўрнини эгаллаши кутилган Фабиньо ҳам лазаретда бўлиб турибди. Ҳимоя бугунги “Ливерпуль“нинг энг заиф чизиғи бўлиши бир қарашда ғалати туюлиши табиий, чунки иккала қанотида тезкор Александр Арнолд ва Эндрю Робертсон каби футболчилари бор. Улар ҳам яхши формада эмас,марказий ҳимоядаги Жо. Гомес ҳар учрашувда хатога йўл қўяди. Гомесга бугун “Вест Ҳем“ билан бўлгани каби Филлипс шериклик қилиши айтилмоқда. Жоэл Матип вариантини ҳам қўллаб кўрса бўлади. Майдон марказида Наби Кеита ва Тиаго Алькантаралар жароҳатдан тузалиб, умумий гуруҳ машғулотларига қўшилгани айтилмоқда. Ҳужумда ҳеч қандай муаммолар бўлиши мумкин эмас, Салаҳ,Мане,Фирмино учлигида жароҳатлар йўқ уларнинг ўрнига майдонга тушиши мумкин бўлган Минамино,Жота ва Шакирилар жамоага ёрдам беришга тайёр ҳолатда.


Тахминий таркиб: Алиссон, Александр Арнолд, Робертсон, Гомес, Филлипс, Ҳендерсон, Вейналдум, Жонс, Салоҳ, Мане, Фирмино.

Мураббийлар фикри

Гасперини: "Клооп томонидан айтилган мақтовлар одамни хурсанд қилмай қўймайди.Бугунги учрашувда биз ўзимизни Европанинг ва Жаҳоннинг энг кучли клубига қарши синаб кўрамиз.Жароҳатдаги футболчилар ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиламиз"

Юрген Клооп: "Жуда ҳам яхши футболчилар улар майдонда нима қилишаётганларини аниқ билишади. Улар уўзларига 100 фоиз ишонишади.  Биз учун Чемпионлар лигасида “Аталанта“ энг катта муаммо. Уларнинг услуби “Лидс“никига ўхшаб кетади. Бизни қийин учрашув кутиб турибди"

Руслан Максимов тайёрлади

Киритилди: 16:05, 03.11.2020.
Ўқилди: 3083 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.