Жамоамиз ушбу мавсумда турли статистик кўрсаткичлар борасида Суперлигада яққол етакчи бўлиб турибди.
Жамоалар ва футболчилар ҳаракатларини таҳлил қилиб борувчи "Инстат" компанияси кўрсаткичларига кўра, "Пахтакор" Суперлигада ҳисобланган 12 жиҳатнинг 8таси бўйича пешқадам. Бу эса "Шерлар" намойиш этаётган ўйин сифати ҳам бошқалардан ажралиб турганини исботлайди.
Умумий кўрсаткичлар бўйича "Пахтакор" 245, "Насаф" 222 ва "Бунёдкор" 212 балл тўплаган. Бешликка 210 балл билан "Локомотив", 209 очко билан АГМК ҳам кирган. Ўртача гол уриш борасида "Пахтакор"нинг кўрсаткичи бир ўйинга 3,2тадан тўғри келмоқда. Қолган бирор жамоа кўрсаткичи ўртача 2та голга етмаган. "Насаф" 1,89та, "Бунёдкор" 1,67та тўп киритган. Бешликда АГМК (1,48 гол) ва "Қўқон-1912" (1,47 гол) жойлашган.
Бир ўйинда яққол голли имкониятларни "Шерлар" ҳар беллашувда ўртача 9тадан содир этишмоқда. "Насаф" ва "Бунёдкор" 6тадан голли вазият яратмоқда. "Локомотив" 5,7та, АГМК эса 4,9та имкониятга эга бўлмоқда. Дарвозага аниқ зарба беришда жамоамиз ўртача 8тадан кўрсаткич қайд этган. "Насаф" 7та, "Бунёдкор" 6та, "Локомотив" 4,7та ва "Сўғдиёна" 4,3тадан зарба билан дастлабки беш ўринда туришибди. Мавсум давомида "Пахтакор" рақиблари дарвозасига жами 389та зарба берган ва уларнинг 176таси дарвозага тўғри борган. Аниқ зарбалардан 71таси голга айланган.
Жамоамиз бир ўйинда ўртача 6тадан (жами 136та) бурчак зарбасини амалга оширган. Кейинги клубларда бу борада кўрсаткич шундай: "Насаф" - 5,6та, "Бунёдкор" ва "Сўғдиёна" 5,3тадан, "Металлург"да 4,6та.
"Пахтакор" футболчилари бир ўйинда 655 марта тўпни бир-бирларга аниқ етказиб бермоқда. Аниқлик кўрсаткичи 88 фоизга тенг. "Бунёдкор"да 518 узатма (86%), "Насаф"да 425 (82%), АГМКда 410 (82%) ва "Локомотив"да 405 узатма (82%) мавжуд. Энг яқин таъқибчи билан ўртача узатмалар миқдоридаги фарқ 138тани ташкил этмоқда.
Ҳал қилувчи узатмаларни амалга оширишда жамоамизнинг ўртача кўрсаткичи 5,1тани ташкил қилган. Ушбу жиҳат бўйича "Бунёдкор" 3,6та, "Локомотив" ва "Насаф" 3,4та, "Металлург" 3та узатма кўрсаткичига эга.
Кроссларнинг ўртача сони бўйича ҳам жамоамиз пешқадам. Бир баҳсга аниқ 6та шундай узатма тўғри келган. Аниқ кўрсаткич 31 фоиздан иборат. АГМК 4,7та, "Локомотив" 4,5та, "Андижон" 4,4 ва "Насаф"да 4,2тадан кроссларни бир беллашувда амалга оширган.
Рақибни алдаб ўтиш ва ортда қолдириш борасида бир ўйиндаги миқдор "Бунёдкор"да яхшироқ, аммо фоиз, яъни самаралилик борасида "Пахтакор" устунликка эга. "Пахтакор"да учрашувга ўртача 18та (67% муваффақиятли), "Бунёдкор"да 20 (64%), "Насаф" ва "Навбаҳор"да 15 (57%) ҳамда "Андижон"да 15 (56%) кўрсаткич тўғри келган.
Умумий курашларни ютишда "Андижон" (ўртача 87тадан, 49%), ҳимоядаги курашларда устун келишда "Насаф" (ўртача 50тадан, 57%) ва ҳаводаги курашларни ютишда "Сўғдиёна" (ўртача 32тадан, 52%) энг яхши натижаларни қайд этишган.